Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:52

Ишим битди, эшагим сувдан ўтдими?


Фирдавс Хабарларга қараганда, 27 декабрдан бошлаб Қашқадарё вилоятига ажратиладиган табиий газ ҳажми кескин қисқартирилган. Бу иш “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси раҳбарияти кўрсатмаси билан амалга оширилгани айтилмоқда.

Ўзбекистонда парламент сайлови бўлиб ўтиши билан Қашқадарёга, хусусан, Қарши шаҳрига табиий газ етказиб бериш ҳажми кескин камайди. Бу эса кишиларнинг идорама-идора юриб, сарсон бўлишига сабаб бўляпти.

“Қашқадарёгазтаъминот” шўъба корхонасига шикоят билан келган 83 ёшли Убайдулла Ёвқочдиевнинг сўзларига қараганда, Қарши шаҳри яқинидаги Каманди қишлоғида шу вақтгача ҳам газ босими яхши бўлмаган. Сайлов ўтгач эса газ келиши бутунлай тўхтаган. Электр таъминотида ҳам узилишлар содир бўла бошлаган.

Қарши шаҳридаги “Маҳаллот” маҳалласида яшовчи аёлнинг таъкидлашича, сайловгача, хусусан, 12 декабрдан бошлаб газ босими жуда яхши бўлган. 27 декабрдан эса газ билан таъминлаш тўхтаган.

“Сайловгача газ жуда яхши бўлиб, сайловдан кейин бутунлай йўқолгани сиёсат билан боғлиқ”, - деди суҳбатдош аёл.

Суҳбатдошлар сайловдан кейин газ ва электр таъминотида бундай муаммолар келиб чиқиши аввалдан режалаштирилганини айтди.

“Қашқадарёгазтаъминот” шўъба корхонаси мутасаддиларининг бирининг билдиришича, 27 декабрь куни корхонага “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси раиси имзоси билан факсограмма келган. Унда вилоят учун бир кунда бериладиган табиий газ миқдори бирданига 650 минг куб метрга қисқартирилиши маълум қилинган.

Мутахассислар бунча ҳажмдаги газ билан учта йирик туманни бир кун давомида газ билан таъминлаш мумкинлигини таъкидлади.

Маълумотларга кўра, газ қисқартирилиши Қарши шаҳрига жуда жиддий таъсир кўрсатган. Чунки шаҳарга газ ажратиш бирданига 50 фоиз қисқарган.
XS
SM
MD
LG