Линклар

Ҳуқуқ ҳимоячисининг уйи ёнди


Турғунбек 22 декабрь куни “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Андижон вилоятидаги Булоқбоши тумани бўлими раҳбари Дилором Абдиева хонадонида ёнғин содир бўлди.

Ёнғин кундузи юз бергани, уйда ҳеч ким бўлмагани сабабли инсонлар ҳаётига хавф туғилмади. Оиланинг икки хонадан иборат уйига ҳам шикаст етмади. Аммо бошқа биноларга зарар етди.

Д.Абдиеванинг сўзларига қараганда, ёнғин натижасида молхона ва унинг айвони куйиб кетган. Молхонадаги 11 та чўчқа ўлган. Молхонанинг тепа қаватида сақланган 10 куб метрдан ортиқ тахта, 6 та дераза роми, 3 та эшик, 23 та ДСП ва баъзи уй-рўзғор буюмлари ёниб кетган.

Д.Абдиеванинг таъкидлашича, ёнғин юз берган бинода газдан фойдаланилмаган, чироқ ўчирилган бўлган.

Қўшнилар ёнғин нимадан чиққанини ҳеч ким тушунмаётгани, Д.Абдиеванинг маҳалладагилар билан муносабати яхши эканини билдирди.

Д.Абдиева туманда инсон ҳуқуқлари бузилаётгани юзасидан жуда кўплаб шикоятлар қилгани, бу эса тумандаги амалдорларга ёқмаслиги табиий эканини маълум қилди.

“Эзгулик” жамияти Андижон вилояти бўлими раиси ўринбосари Абдуғофир Дадабоевнинг айтишича, бу ёнғин атайин уюштирилгандек таассурот қолдиради. Чунки тегишли идоралар ёнғин нимадан келиб чиққанини аниқлашга уринмаган. Экспертиза ўтказилмаган. Бу эса мазкур ишни ёпиб юборишга ва ёнғиннинг асл сабабларини беркитишга уринишга ўхшайди.

Ёнғин хавфсизлиги идоралари вакиллари Д.Абдиева уйидаги ёнғин юзасидан суриштирув олиб борилаётганини билдирди.
XS
SM
MD
LG