Линклар

Боғчаларда байрам бўладими?


Феруза Хабарларга қараганда, Ўзбекистондаги мактаб ва болалар боғчаларида Янги йил байрами томошалари ташкил этиш тақиқланган. Бундан илгари Тошкент шаҳри театрларида ҳам байрам томошалари ўтказилишига рухсат берилмаганди.

Мактаб ва болалар боғчалари вакилларнинг таъкидлашича, бу муассасаларда байрам томошаларини ўтказиш маън қилиниши ҳақида Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти томонидан оғзаки буйруқ бўлган.

Шунга қарамай, маълум бўлишича, баъзи мактаб ва боғчалар жамоалари болаларнинг руҳини чўктирмаслик мақсадида яширин равишда байрам томошалари ўтказмоқда.

Тошкентдаги боғчалардан бирининг тарбиячиси сўзларига қараганда, болалар Янги йил томошаларини бир йил давомида интиқлик билан кутади. Томоша ўтказилмаслиги уларнинг кайфиятида салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди.

Ота-оналарнинг тахминича, бу ҳаракатлар хавфсизлик мақсадларини кўзлаб амалга оширилаётган бўлиши мумкин.

Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати вакили мактаб ва болалар боғчаларида Янги йил томошалари ўтказиш тақиқланмагани, очиқ жойда томошалар бўлиб ўтаётганини маълум қилди.

Халқ таълими вазирлиги мутасаддиларидан бири Жамолиддин Камолов ҳам томошалар бекор қилинмаганини таъкидлади. Унинг айтишича, вазирлик фақат байрам арчасини бино ичида эмас, ташқарида ўрнатишга кўрсатма берган. Бундан кўзланган мақсад ёнғин хавфсизлигини таъминлашдир.
XS
SM
MD
LG