Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:21

Ўзбекистон ёшлари мухолифатни қандай тушунади?


Тўлқин 26 декабрь куни ўтказилган сайловда иштирок этгандан кейин журналистлар билан мулоқоти чоғида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов мухолифатни ёшлар орасидан излаш кераклигини таъкидлади.

“Керак бўлса, мухолифатни ёшлар орасидан қидиринг. Марҳамат, мухолифатни яратинг, аммо мухолифатни инкор этилганлар орасидан қидирманг”, - деди Президент.

Президент “инкор этилганлар” деганда “Эрк”, “Бирлик халқ ҳаракати” ва “Озод деҳқонлар” партияларини назарда тутмоқда.

Ислом Каримов журналистлар билан мулоқот чоғида Ўзбекистонда сиёсий мухолифат яратмоқчи бўлганларга хорижда ўқиб қайтган, бир неча тилни биладиган ёшларни танлашни тавсия этди.

“Мухолифат учун лойиқ кишиларни шу болалар орасидан танлаб олинг, ҳур фикрли ёшларни изланг, барча масалаларда ўз нуқтаи назарига эга ва европаликлардан ёмон фикрламайдиган одамларни қидиринг”, - деди Президент.

Хўш, ёшлардан, талабалардан сиёсий мухолифат яратиш мумкинми? Бугунги ёшлар мухолифатни қандай тушунади?

“Озодлик” мухбири Тошкентдаги олий ўқув юртларидан бирида таҳсил олаётган баъзи талабалар билан суҳбат чоғида уларнинг мухолифат ҳақида юзаки тушунчага эга эканига гувоҳ бўлди. Баъзи талабалар мухолифатни жамиятда яхши-ёмонни кўрсатиб берадиган куч сифатида таърифлади.

Талабалар бир овоздан Ўзбекистонда мухолифат йўқлигини таъкидлади. Улар мамлакатдаги партиялар тўғрисидаги саволга жавоб бериб, Ўзбекистонда рўйхатга олинган беш партияни тилга олди. Талабалар фикрича, бу партияларни мухолифат, деб бўлмайди.

Талабаларнинг эътирофича, ёшлар ҳақиқий мухолифатга айланиши мумкин. Лекин бунинг учун мамлакатда эркинлик йўқ.

Талабаларнинг таъкидлашича, ёшларнинг “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимига кириб кетишига сабаб мамлакатдаги оғир иқтисодий аҳвол ва ғоявий бўшлиқдир.

Талабалар ҳақиқий мухолифат яратилиши учун четдан кўрсатиладиган турли ёрдамлар эмас, ватанпарварлик асосий роль ўйнаши кераклигини айтди. Уларнинг фикрича, чет эл кўмагида тайёрланган мухолифат вақтинчалик иш бериши мумкин. Ёшлардан мухолифат юзага келиши учун, аввало, уларнинг сиёсий онги юқори бўлиши керак.
XS
SM
MD
LG