Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:43

2005 йилда БМТда ислоҳотлар ўтказиш режаси


2005 йил БМТ ташкил этилганига 60 йил тўлади. БМТ Бош котиби Кофи Аннан ташкилот амалга ошираётган иш самарадорлигини ошириш мақсадида қатор ислоҳотлар ўтказишга ваъда берди. Айни пайтда, Кофи Аннанни истеъфога чиқишга чақираётганлар ҳам йўқ эмас. Ироққа мўлжалланган “Озиқ-овқат учун нефт” дастурини амалга оширишда сохтакорликка йўл қўйилганлиги тўғрисидаги иддаолар бунга сабаб бўлмоқда. Лекин БМТга аъзо аксарият давлат ҳукуматлари бош котибни қўллаб-қувватламоқда.

2005 йилда БМТда чуқур ислоҳотлар ўтказилиши кутилмоқда. Совуқ уруш давридан қолган эски тизимни ўзгартириш ҳақида анчадан бери гапирилаётган эди.

Яқинда БМТ Бош котиби Кофи Аннан махсус комиссия тузиб, унга ташкилот фаолиятини яхшилаш борасида тавсиялар ишлаб чиқиш вазифасини топширди. 16 нафар таниқли арбобдан иборат мазкур комиссия яқинда ишлаб чиқилган тавсиялар рўйхатини эълон қилди. Ҳужжатда БМТ фаолияти самарадорлигини ошириш учун юздан ортиқ вазифа амалга оширилиши кераклиги билдирилган. Комиссия дунё давлатлари бир-бирига боғлиқ бўлган ҳозирги замонда терроризм, ички урушларга барҳам бериш ва камбағалликни камайтириш каби муаммоларни БМТ бир ўзи ҳал эта олмаслиги масаласига асосий урғу берган.

Комиссия раҳбари Стефен Тедманга кўра, комиссия аъзолари тезда янги хавфсизлик келишувига эришиш керак, деган хулосага келган:

”Гап шундаки, коллектив хавфсизликни таъминлашда ташкилот янада самарали ва янада адолатли (фаол) иш олиб бориши учун зудлик билан баъзи чоралар кўрилиши керак”, - дейди БМТ расмийси.

Кофи Аннан комиссия ишлаб чиққан тавсияларнинг аксариятини амалга оширишга ваъда берди. Айни пайтда, бош котиб март ойида ўзининг ислоҳотлар режасини эълон қилиш ниятида. Бу режа БМТнинг “Минг йиллик тараққиёт мақсадлари дастури” амалга қандай тадбиқ этилаётгани бўйича сентябр ойида ўтказиладиган саммит кун тартибини белгилайди.

Ироққа мўлжалланган “Озиқ-овқат учун нефт” дастуридан ўз манфаатлари йўлида фойдаланган, деган иддаолар юзасидан ҳозирда саккизта мустақил гуруҳ жумладан, БМТ расмийларидан иборат махсус гуруҳ ҳам текширув олиб бормоқда. Гуруҳга АҚШ Федерал банки собиқ раиси Пол Уолккер раҳбарлик қилмоқда. У январ ойида текширув ишларининг дастлабки натижасини эълон қилади. Шундан сўнг, Уолккер айни масала юзасидан текширув олиб бораётган АҚШ конгресси комиссияси билан маълумот алмашади.

Текширув олиб бораётган АҚШ гуруҳи раҳбари сенатор Норм Коулман Ироққа мўлжалланган “Озиқ-овқат учун нефт” дастурини амалга оширишда сохтакорликка йўл қўйилгани даъвоси билан БМТ Бош котибини истеъфога чиқишга чақирди.

Бироқ АҚШнинг БМТдаги элчиси Жон Данфорт БМТ Бош котибини қўллаб-қувватлаш баробарида даъволар пухта ўрганиб чиқилиши кераклигини таъкидлади:

”Биз Бош котибга, унинг бундан буён ҳам ўз фаолиятини давом эттиришига ишонамиз. Айни пайтда, биз сохтакорлик тўғрисидаги иддаолар текшириб чиқилиши муҳимлигини ҳам айтмоқдамиз. Чунки бундай даъволар, шубҳасиз, БМТ обрўсига соя солади. Турли гумон ва шубҳаларга чек қўйишнинг ягона йўли пухта текширув ўтказишдир”, - деди АҚШ элчиси.

Аксарият БМТ аъзолари Кофи Аннанни қўллаб-қувватлаб, АҚШ қонунчилари иддаоси асоссиз эканини билдирди.

БМТнинг энг йирик донори ҳисобланган АҚШ ташкилотда ислоҳотлар ўтказилиши масаласига ҳозирча ўзининг аниқ муносабатини билдирмади. БМТ бўйича мутахассисларга кўра, ташкилотда ўтказилажак ислоҳотлар терроризмга қарши кураш, оммавий қирғин қуроллари тарқалишининг олдини олиш ва фуқаролик жамиятини қуриш каби АҚШ манфаатдор бўлган масалаларни ҳам ўз ичига олади. Шунингдек, ташкилот ислоҳотлар дастури Женева шаҳридаги 53 аъзодан иборат БМТ Инсон ҳуқуқлари комиссияси фаолиятига ҳам ўзгартириш киритишни назарда тутган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
XS
SM
MD
LG