Линклар

logo-print

Цунамидан азият чеккан давлатларга мусулмон давлатлар ва Марказий Осиё малакатлари ёрдами

  • Фаррух Юсуфий

Ўтган ҳафта Жанубий Осиёнинг бир нечта мамлакатига ёғилган табий офат қурбонлари сони қарийб 150 мингга етди. Тўфондан азият чеккан мамлакатлардан ҳар соатда олинаётган хабарларда қурбонлар сонининг ҳали ҳам ошиб бораётгани айтилади. Турли мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар тўфондан зарар кўрган, бошпанасиз қолганларга ёрдам беришга киришди. Дунё жамоатчилиги, хусусан мусулмон малакатлари тўфондан зарар кўрган энг йирик мусулмон мамлакат ҳисобланмиш Индонезияга нега ёрдам қўлини чўзмаяпти?

Цунами қурбонларининг сони ошиб борар экан ваъда қилинаётган ёрдам миқдори ҳам мунтазам ошиб бормоқда. Масалан, бошида 30 миллион АҚШ доллари ваъда қилаётган Япония талофат кўлами аниқ бўлиши билан ёрдам миқдорини 500 миллионга оширишини эълон қилди. БМТнинг танқидига учраган АҚШ ҳам 35 миллионлик ваъдани 350 миллионга ошириб юборди. Шунингдек, турли халқаро ташкилотлар, хусусан, Осиё таррақиёт банки 325 миллион ва Жаҳон банки 250 миллион АҚШ доллари миқдорида ёрдам беришни ваъда қилди.

АҚШ, Япония, Британия ва бошқа мамлакатларнинг юзлаб миллион долларлик ёрдам ҳақидаги ваъдалари соясида мусулмон мамлакатлари таклиф этаётган ёрдам тилга олишга ҳам арзимасдек кўриняпти.

Жаҳондаги энг бадавлат мусулмон давлати Саудия Арабистони хозирча 15 миллион ваъда қилган бўлса, нефтга бой бошқа Кўрфаз давлатлари расмийларидан садо ҳам чиқмади.

Шунга қарамай, Шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ Хазратларининг фикрича, мусулмон мамлакатларидан ёрдам келмаяпти, деган тасаввур асоссиздир.

“Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ёрдам ҳақида гапирадиган бўлсак, Қувейт, Саудия Арарбистони ва бошқа бой мусулмон давлатлари офат юз берган куниёқ ўз ёрдамларини юборди. Биринчи куниёқ кийим-кечак, озиқ-овқат ва дори-дармонлар юборилган. Пул маъносидаги ёрдамга келсак, давлатлар қанча ёрдам бериш ҳақида энди қарор чиқармоқда. Хайрия жамиятлари хозир офатдан азият чекканлар учун хайри-эҳсонлар тўплаш бўйича ишларни бошлаган”.

Британия Мусулмонлар кенгаши матбуот котиби Иноят Банглавала ҳам мусулмон давлатлар офатдан азият чекканларга пичоққа илинарлик ёрдам бермаяпти, деган фикрга қўшилмаслигини айтади.

“Афсус, кўпчилик мусулмон давлатларида демократия йўқлиги туфайли ҳукумат фаолияти ҳақида жамоатчиликка билдириш йўлга қўйилмаган. Демократик мамлакатларда ҳукуматнинг ҳар бир қарори ҳақида жамоатчиликка эълон қилинади. Мусулмон давлатларда эса бунинг йўлга қўйилмагани туфайли хозир кўрсатилаётган ёки ваъда қилинаётган ёрдам ҳақида маълумот олишнинг имкони бўлмаяпти”, - дейди Банглавала.

Британия мусулмонлар кенгаши вакили Банглавала, Саудия Арабистони дастлаб ваъда қилинган 15 миллион доллар билан чекланиб қолмаслигига умид қилишини айтади. Чунки, дейди у, Саудия Арабистони ҳам, Бирлашган Араб Амирликлари ҳам ҳайрия қилишда саховатли экани ҳаммага маълум.

“Бирлашган Араб Амирликлари офатдан азият чекканларга сезиларли ёрдам бермаса, ажабланган бўлардим. Чунки Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистонининг қанчалар саховатли экани тарихдан маълум. Масалан, АҚШ ва Британиядан фарқли ўлароқ, бу мамлакатлар ички ялпи махсулотнинг каттагина қисмини камбағал мамлакатларга ёрдам бериш учун сарфлайди. Лекин улар ўз ёрдамлари ҳақида жамоатчиликка эълон қилмасликлари туфайли улар кўрсатаётган ёрдам ҳақидаги ахборот ноаниқ бўлиб турибди”.

Банглавала, Британиядаги мусулмон ташкилотлари фалокатнинг биринчи куниёқ ёрдам қўлини чўзганлиги ҳақида гапиради.

“Британиядаги “Маслим Эйд” номли энг йирик мусулмон хайрия ташкилоти тўфон рўй берган куниёқ 100 минг Британия фунти миқдорида ёрдам кўрсатишини билдирди. Ундан бир неча кун ўтиб эса, бу ташкилот ёрдамни 1 миллион фунтга оширишини маълум қилди”.

Унинг айтишича, Британияда офат юз берган мамлакатлар учун эҳсон тўплашда Британия Мусулмонлар кенгаши ва “Маслим Эйд” ташкилотидан ташқари яна қатор мусулмон ташкилотлари ҳам иштирок этмоқда.

Шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқнинг таъкидлашича, мусулмон хайрия ташкилотлари мухтожларга, нафақат офат пайтлари, балки доимий равишда ёрдам бериб туради.

“Кўпчилик мусулмон хайрия жамиятлари Индонезияга мунтазам равишда ёрдам беради. Шунингдек, Тайланд мусулмонларига ҳам, мусулмон давлати ҳисобланган Малдив Оролларига ҳам доимий равишда ёрдам жўнатиб турилади. Бу ёрдам хозир ҳам тўхтагани йўқ”.

Бироқ, дея давом этади Шайх ҳазратлари, оҳирги йилларда баъзи ҳукуматлар мусулмон мамлакатлардаги ҳайрия жамғармаларини террорчиларга ёрдам берганликда айблаб келмоқда. Шунинг учун бу ҳайрия жамғармаларининг фаолияти ёки тўхтатилган, ёки қаттиқ назорат остида турибди. Бу ҳолат ҳам ҳайрия ёрдамини кўрсатишга тўсиқ бўлиши мумкин, дейди Шайх.

Шу ўринда, тўфондан азият чеккан мамлакатларга Марказий Осиёдан фақатгина Қозоғистон ёрдам юборгани ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз. Кеча Қозоғистон битта самолётда озиқ-овқат ва дори-дармон юборгани ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот бўлимига кўра, Ўзбекистон ҳукумати хозирча офатдан азият чеккан мамлакатларга ёрдам юбориш ҳақидаги масалани кўриб чиққани ҳам йўқ.
XS
SM
MD
LG