Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:39

Мусулмон давлатлари табиий офат қурбонларига қанчалик ёрдам бериши мумкин?


Бутун дунё бўйлаб Жанубий осиёда табиий офат қурбонлари учун ёрдам қўллари чўзилган бир вақтда негадир Ислом давлатлари, хусусан, пулдор араб давлатларининг бироз ўйланиб тургани ҳаммани ҳайратга солмоқда. Ҳатто, бу давлатлар номига айбловлар ҳам ёғила бошлади. Жами 2 миллион 250 минг аҳолиси бўлган биргина Қувайтда 1 миллиондан ортиқ жанубий осиёлик фуқаро бор экан. Уларнинг аксарияти қувайтликлар хонадони, завод-фабрикаларида хизмат қилади. Шундай мамлакатнинг фожеадан беш олти кун ўтиб, 10 миллион доллар берамиз, дегани жамоатчиликни таажубга солмоқда. Хўш, мусулмон давлатлари фожеа жабрдийдарига ёрдам кўрсатиш ниятидами ўзи?

Араб тилида нашр этиладиган аксарият оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, фожеанинг эртасигаёқ ёрдам кўрсатишини айтиб мурожаат қилган фуқаролар кўп бўлган. Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг Саудия Арабистонидаги вакили Солих ал-Туважрийнинг айтишича, бундай одамлар ҳали ҳам кўп ва улар ажратаётган ёрдам ҳам кам эмас. Аммо араб давлатларидаги кўпгина хайрия ташкилотлари террорчиларни қўллаяпти, деган гумон билан АҚШ босими остида ёпиб қўйилган. Туважрийнинг таъкидича, офат жабрдийдаларига хайр қилишни истаганлар кимга мурожаат қилишни билмай, элчихоналар ёнида сарсон бўлишмоқда.

“Қўлдан берганга қуш тўймас” дейишади. Қолаверса, ҳукмдорлари тилладан қаср қураётган араб давлатлари ва бошқа Ислом давлатлари табиий офатдан азият чеккан давлатларга деярли ёрдам кўрсатмаяпти, деган айбловлар эшитила бошлади. Бу масала мусулмон олами нашрларида ҳам муҳокама этила бошлади.

Айниқса, Қувайтда чоп этиладиган “Ал Қабас” нашридаги мақола жуда катта шов-шувларга сабаб бўлди. Газета бош муҳаррири Валид ал-Нузифнинг ёзишича, давлат ғазнаси Қувайт нефтидан келаётган даромадга кўмилиб турган пайтда Қувайт Жанубий Осиёда сув остидаги ер қимирлашидан азият чеккан аҳолига жуда оз ва секин ёрдам ажратаяпти. Аянчлиси, деб ёзади газета, қувайтликларнинг уйида хизматини қилиб юрган муҳожирларнинг аксарияти Жанубий Осиё мамлакатларидан ва уларнинг сони маҳаллий аҳолидан кўпроқ.

Мақола чиққан куннинг эртасигаёқ Қувайт ҳукумати фожеа қурбонлари учун 2 миллион доллардан 10 миллион долларгача ёрдам ажратиши мумкинлигини маълум қилди. Аммо, Қувайтнинг собиқ Ахборот вазири Саад ал-Ажмийнинг фикрича, ҳозир давлат ғазнасида 700 миллион доллар ортиқча маблағ тўпланиб турган вақтда Қувайтнинг табиий офат қурбонлари учун 10 миллион доллар ажратмоқчи бўлгани жуда ажабланарли.

Сўнгги расмий маълумотларга кўра, Саудия Арабистони ҳам 10 миллион доллардан ёрдам ваъда қилди. Бирлашган Араб Амирликлари эса 2 миллион, Бахрейн ҳам 2 миллион доллар ваъда қилган. Фақат Қатар давлати 25 миллион доллар маблағ ажратишини маълум қилди.

Энди Европа давлатлари ажратган маблағга эътибор қилинг. Норвегия 180 миллион доллар, Буюк Британия 96 миллион, Швеция 80 миллион, Дания 55 миллион. Буюк Британия мусулмонлар кенгаши матбуот котиби Иноят Банглаваланинг айтишича, кўпгина давлат ва хусусий хайрия ташкилотлари аввалига ёрдам беришга шошилмади. Фожеадан бир-икки ўтиб, унинг кўлами маълум бўлгандан кейингина улар ҳаракатга тушишган.

“Биринчи йиғилган хайрия пуллари 100 минг фунт бўлган эди. Бу пул фожеадан 24 соат ўтиб йиғилган. Бир ҳафта ўтиб эса 1 миллион фунт йиғилди. Худди шундай ҳолатни биз АҚШ да ҳам кузатдик. Аммо, АҚШ дунёда иқтисодий жиҳатдан қудратли давлат бўлгани учун атрофдан танқидлар ва ҳукумат аралашувларидан сўнг 350 миллион доллар маблағ ваъда қилинди. Деярли барча мамлакатларда шундай бўлди”.

Бангалаванинг эътирофича, Европа давлатлари ва Америка Қўшма Штатларида ахборот тарқатиш ва одамларнинг дунё воқеаларидан хабардорлик даражаси юқори. Жанубий Осиёдаги фожеа жабрдийдалари учун ёрдам йиғилишида оммавий ахборот воситаларининг хизмати катта бўлди. Улар орқали фожеа кўламини тобора аниқ кўра бошлаган одамлар, ҳукуматлар кўпроқ маблағ ажрата бошладилар.

“Араб кўрфазидаги давлатларнинг энг катта камчилиги бу ерда коммуникация воситаларининг сустлигидир. Улар нодемократик мамлакатлар. Демократик мамлакатларда матбуот ҳукуматга таъсир кўрсата олади. Араб давлатларида эса матбуот бундай кучга эга эмас”.

Жаҳон оммавий воситаларида тилга олинаётган яна бошқа бир сабаб ҳам бор. Ўтган жума куни айрим исломий веб саҳифаларда баъзи диний ташкилотлар етакчиларининг бу тўфон турли курортларда фаҳшни авж олдирган ва бунга аралашиб юрганларга яратганнинг қаҳридир, деган фикрлари эълон қилинди. Хусусан, Қувайтда члп этиладиган “Ал-Ватан” газетаси Қувайт парламенти аъзоси Валид Табтабаининг бу тўфон инсоният учун гуноҳларига огоҳлантиришдир, деган фикри берилди. Табтабаи фикрича ҳам, офат бўлган жойларда фаҳш ва ярамас ишлар авж олган эди. Тўфон ана шу ишлар учун жазодир, дейди Қувайт парламенти аъзоси.

Бироқ, минглаб бегуноҳ, айниқса, ғариб, ночор одамлар жабрланиб, азобга маҳкум бўлган бир пайтда бу хулосалар жаҳон жамоатчилигининг эътирозига сабаб бўлмоқда.

Араб давлатлари ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасида азалий ижтимоий-иқтисодий муносабатлар бор. Хусусан, Қувайтнинг ўзида жами 1 миллион 290 минг хорижлик бўлса, уларнинг аксарияти Жанубий Осиёдан.


Дубайда чоп этиладиган “Халиж Таймс” газетаси бош муҳаррири Прем Чандраннинг айтишича, табиий фожеалар вақтида диний фарқланишлар ҳақида гапириб ўтиришнинг ўрни эмас. Ҳозирда ёрдам кўрсатишни истаётган ва кундан кунга сони ортиб бораётган фуқаролар, хусусий ташкилотлар учун ҳам бунинг фарқи бўлаётгани йўқ.

“Хусусан, бизнинг газетамиз ўз ҳисобидан маблағ ажратишни мўлжаллаб турибди. Бизга ўхшаб пул ажратмоқчи бўлганлар жуда кўп. Биринчи ўринда Индонезия, Шри-Ланка ва Ҳиндистонга маблағ жўнатилаяпти. Биласизми, бу фожеа кўрфаздаги кўпчилик аҳолига бевосита алоқадор. Масалан, менга қўшни хонада ўтирадиган ҳамкасбим фожеа туфайли 40 га яқин қариндошидан айрилди”.

Прем Чандран эътирофича, бунақа одамлар араб давлатларида жуда кўп ва улар ҳукуматлар ёрдам кўрсатиш-кўрсатмаслигига қарамасдан қўлдан келганча, ёрдам қилаяпти.
XS
SM
MD
LG