Линклар

logo-print

Қирғизистон мухолифати етакчиларидан бири Феликс Қулов қамоқдан туриб Озодлик радиосига интервю берди

  • Барно Анвар

Қирғизистон мухолифати етакчиси, ҳозирда қамоқда бўлган Феликс Қуловнинг таъкидича, мамлакат мухолифати сайлов арафасида, албатта, бирлашиши керак. Эслатиш жоиз, сўнгги вақтларда Қулов етакчилигидаги “Ор-номус” партияси ўз йўналишини ўзгартириб, ҳукумат томонга оғаяпти, деган айбловлар айтилмоқда. Хусусан, бу партия бирорта мухолифат иттифоқига бирлашиш ниятини билдирмагани ҳам гап-сўзларни авж олдирди. Феликс Қулов 2005 йил 30 октябрда бўлиб ўтадиган президентлик сайловига асосий номзодлардан бири ҳисобланаяпти. Озодлик радиоси мухбири Қулов ва унинг партияси теграсидаги гап-сўзлар, шунингдек, сайлов арафасида сиёсий дастурини билиш мақсадида унга микрофон тутди.

Аввал, қисқача эслатиб ўтамиз. 2002 йилнинг 8 майида Бишкек шаҳар суди “Ор-номус” партияси етакчиси — Феликс Қуловни 10 йилга озодликдан маҳрум қилган. Аммо ҳозирга қадар Қуловнинг партиядошлари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари у ноҳақ қамалган, деб ҳисоблайди. Феликс Қуловни озод этиш учун кўп уринишлар бўлди. Ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, Қулов нари борса 2005 йилнинг ёзига қадар озодликка чиқарилиши керак. Аммо афтидан, бундай бўлмайди. Яқинда Инсон ҳуқуқлари халқаро лигасининг Феликс Қуловни озод этишни сўраб, Қирғизистон Президенти Ақаевга йўллаган мактуби ҳам самарасиз қолмоқда.

Маълумки, бу йил 30 октябрда Қирғизистонда президентлик сайлови бўлиб ўтади. Жазо муддатини ўтаётган Феликс Қулов президентликка номзод кўрилаётган мухолифат етакчиларидан биридир. Шу ўринда эслатиш керак, сўнгги уч-тўрт ой ичида унинг айрим баёнотлари мухолифат ва сиёсатчилар ўртасида баҳсларга ҳам сабаб бўлди. Бу баҳслар натижасида “Қулов партияси ҳукуматга ён боса бошлади”, “Қулов азалдан Асқар Ақаевнинг яқин одами эди” деган гап-сўзлар кўпайди. Озодлик мухбири дастлаб шу масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қилди. Қулов фикрича:

“Мен сўнгги баёнотларимда “Ор-номус” партияси очиқ сиёсат юргизишини, халқ манфаати тарафдори эканини айтдим. Агарда Акаев ҳукумати буни амалга оширса, нега энди уни қўлламаслигимиз керак. Биз эл манфаатини ҳимоя қилган тарафни қўллаймиз. Бу тарафдан бизнинг мумомаламиз конструктивдир”.

Феликс Қулов ўзининг Асқар Ақаевнинг яқин одами, деган фикрга эса буткул эътироз билдирди:

“Мени Ақаевнинг яқин одами, деганларнинг эс-ҳуши жойидамас, чоғи. Ақаевнинг яқин одами бўлсам, қандай қилиб тўрт йилдан ортиқ қамоқда ўтираман. Бу ақлга сиғмайди”.

Феликс Қулов 2001 йилги парламент сайлови вақтида ҳибсга олинган эди. Қирғизистонлик айрим кузатувчилар эътирофича, Қулов қамоқда бўлишига қарамасдан президентликка кўрилаётган жиддий номзодлардан бири. Яқинда Қирғизистондаги йирик мухолиф партия ва ҳаракатлари Қурманбек Бакиев бошчилигидаги “Қирғизистон халқ ҳаракати” иттифоқига бирлашди. Бироқ, Феликс Қулов раислигидаги “Ор-номус” партияси ҳали ҳеч бир мухолифат иттифоқига қўшилгани йўқ. Бунинг сабаблари хусусида Қулов бундай деди:

“Бизда Қурманбек Бакиев бошчилигида тузилган мухолифат иттифоқига қўшилиш фикри бор. Аммо аввал бу иттифоқнинг асл мақсади қанақа, сиёсий-иқтисодий ва мафкуравий платформаси билан танишишимиз керак. Шундан кейингина бир хулосага келамиз. Бўлмаса, ҳаракатни эмас, Қурманбек Бақиевни қўллаган бўлиб қоламиз-ку!?”

Шу сўзларини айтар экан, Феликс Қулов, унинг партияси ўз принцип ва мақсадларига мос келувчи ҳар қандай мухолиф ҳаракат ва номзодни қўллашга тайёр эканлигини яна бир бор таъкидлади.

Аммо кузатувчилар фикрича, Қуловнинг Бакиев иттифоқига қўшилмаётганига бошқа сабаб бор. Қурманбек Бакиев Қуловга нисбатан анча таниқли ва унинг тарафдорлари ҳам кўпроқ. У мамлакатдаги коммунистлар ва радикал либерал гуруҳларни ҳам ўз иттифоқига бирлаштира олди. Шунингдек, президентликка номзодини қўя олишини маълум қилганда, уни маъқуллаган мухолифатчилар ҳам кўп бўлди. Шу боис, Феликс Қулов унинг командасига бирлашишга ўйланиб турибди, дейишмоқда айрим кузатувчилар.

Бошқа бир тарафдан у халқаро босим остида сайловга қадар қамоқдан чиққан тақдирда ҳам, мамлакат конституциясига кўра, президентлик сайловида қатнаша олмайди. Қирғизистоннинг собиқ Ташқи ишлар вазири, “Янги йўналиш” ҳаракати етакчиси Муратбек Иманалиев бу борада шундай фикр билдирди:

“Феликс Қулов — Қирғизистонда катта нуфуз ва эътиборга эга бўлган сиёсатчилардан бири. Бўлажак парламент ва президентлик сайловлари вақтида у бемалол сиёсий гуруҳларни бошқариши мумкин. Бироқ, унинг шахсан ўзи бирорта номзодни танладими йўқми — буни айтиш қийин”.

Имоналиев эътирофича, агар Феликс Қуловнинг ўзи бирорта номзодни танласа, у ҳолда унинг ёрдами бу номзод учун анчагина катта ёрдам бўлар эди. Шунингдек унинг тахминича, ҳукумат Қуловни президентлик сайловига қадар озод этмайди. Чунки у ҳукумат учун жиддий сиёсий таҳдиддир, дейди Муратбек Иманалиев Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда.
XS
SM
MD
LG