Линклар

logo-print

Цунамидан зарар кўрган болалар тақдири


А. Арал 26 декабрда Жанубий Осиëда юз берган цунами фожиасида ҳалок бўлганлар сони сўнгги маълумотларга кўра¸ 150 минг кишидан ошди. Ҳодисадан зарар кўрган минтақалардаги аҳолига ëрдам кўрсатиш ишлари давом этаëтган айни дамларда¸ БМТ Болалар жамғармаси халқаро жамоатчиликка мурожаат қилиб¸ цунамидан жабрланган болаларга жиддий эътибор беришга чақирди. БМТ расмийлари етим қолган болалар одам контрабандачилари қўлига тушиб қолиши хавфидан огоҳлантирмоқда.

Ҳинд океанида тўфон оқибатида қурбон бўлганларнинг учдан бир қисмини болалар ташкил этади. Зилзиладан зарар кўрган бошқа минглаб бола ҳаëтига ичбуруғ ва турли юқумли касалликлар хавф солмоқда. Айни пайтда тўфонда ўз ота-онасини қўлдан бериб етим қолган болаларнинг ўғирланиб кетиш ҳоллари ҳам кузатилмоқда. Айниқса¸ фожиадан энг кўп зарар кўрган Индонезиянинг Ачеҳ вилоятида болаларнинг бехосдан йўқолиб қолиши жамоатчиликни ташвишлантирмоқда. БМТ расмийлари минтақада одам контрабандаси билан шуғулланувчи гуруҳлар цунами оқибатида етим қолган болаларни ўғирлаб¸ мажбурий равишда меҳнатга жалб қилиш ва жинсий мақсадларда ишлатишга ҳаракат қилаëтганидан огоҳлантирди. Индонезия полицияси вазиятни назорат қилиш мақсадида болалар лагерларини қўриқламоқда ва мамлакатдан болаларни олиб чиқиб кетишни вақтинчалик таъқиқлаб қўйди.

"Болаларни қутқаринг" халқаро нодавлат ташкилотининг Лондондаги вакили Рози Жорденнинг айтишича¸ вазият оғир¸ ўн минглаб бола уй-жой¸ ота-онасини қўлдан берган. Ҳозир бундай оғир аҳволга тушиб қолган болаларни ушбу ташкилот рўйхатга олиб¸ уларни ўз ҳимоясига олишга ҳаракат қилмоқда.

"Жакартада ташкил этилган тез ëрдам кўрсатиш тиббий маркази "Болаларни қутқаринг" нодавлат ташкилоти билан бирга етим болаларга ëрдам кўрсатиш мақсадида уларни рўйхатга олишга киришди. Бугун шундай етим болалардан 300 таси рўйхатдан ўтказилди"¸ - дейди ташкилот вакили Жорден.

Унга кўра¸ ҳодиса оқибатида етим қолган болаларни боқиш ва тарбиялаш масъулияти кейинчалик жамоатчилик зиммасига юкланади. Етим қолганларнинг аксариятини маҳаллий болалар ташкил этади.

Айни пайтда¸ ахборот воситаларининг билдиришича¸ етимлар орасида чет эллик болалар ҳам бор. Улар ўз ота-онаси билан саëҳатга бориб¸ тақдир тақозоси кўра етимга айланганлардир. Куни-кеча шундай болакайлардан бири¸ бир ярим ëшли Марк Алексеев Таиланддан Қозоғистонга олиб келинди. Қозоғистонлик Марк бошқа минглаб тақдирдошлари каби Жанубий Осиë тўҳфонида ўз ота-онасини йўқотди. Бу хабарни Қозоғистон расмийси ҳам тасдиқлайди.

"Дарвоқе¸ қозоғистонлик Марк Алексеев тўфондан қутқазилиб¸ Пукет шаҳрида касалхонада даволанаëтган эди. Биз уни мамлакатга олиб келдик"¸ - дейди Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили.

Пукетда ўз ота-онасини йўқотган¸ дастлаб қозоғистонлик деб тахмиз этилган икки ëшли бошқа бир боланинг кимлиги ва қайси мамлакат фуқароси эканлиги номаълум. Бундай болалар тақдири нима бўлади¸ деган савол билан БМТнинг ЮНИСЕФ – Болалар жамғармаси вакили Павла Гумбага мурожаат қилганимизда¸ кимлиги номаълум бўлган болалар қайси мамлакатда топилган бўлса¸ ўша мамлакат ҳимоясида бўлади¸ яқинлари топилгач¸ бола қайтарилади¸ деб жавоб берди. Унга кўра¸ етим қолган чет эллик болалар ватанларига юборилади.

"Бундай болаларни ватанларига юбориш барча элчихоналар ва масалага алоқадор барча хорижий ташкилотлар зиммасидадир"¸ - деди БМТ вакили.

Гумбанинг таъкидлашича¸ фавқулода ҳодиса юз берган ҳар қандай минтақада вазиятдан фойдаланувчилар бўлади. Етим болаларнинг Жанубий Осиëда одам савдоси билан шуғулланувчи гуруҳлар қўлига тушиши олдини олиш мақсадида БМТ Индонезия ҳукумати билан 18 ëшгача бўлган боланинг мамлакатдан чиқишига рухсат бермаслик тўғрисида келишувга эришган.
XS
SM
MD
LG