Линклар

“Дедовшина” қурбонлари


Тўлқин Хабарларга қараганда, 2005 йилнинг биринчи кунида Ўзбекистон чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмлардан бирида икки аскар армияда мавжум “дедовшина” иллати қурбони бўлган.

“Дедовшина” собиқ шўро аримиясидан мерос қолган иллат ҳисобланади. Аввалроқ хизматга келган аскар армияга янги келган ёш аскарга истаганча тазйиқ ўтказиши, қийноққа солиши, хоҳлаган юмушга мажбурлаши мумкин.

Маълумотга кўра, 1 январь куни Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги ҳарбий қисмда катта аскарнинг ёш аскарни қийноққа солиши оқибатида ёш аскар шифохонага етмаёқ йўлда вафот этган. Жиноят содир этган деб гумон қилинаётган катта аскар эса ҳарбий қисм ётоқхонасида ўзини отиб ўлдирган.

Миллий хавфсизлик хизмати матбуот котиби Олим Тўрақулов бу машъум воқеа содир бўлганини тасдиқлади. Унинг айтишича, ушбу воқеа юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

О.Тўрақулов бўлиб ўтган воқеа тафсилотларидан тўла хабардор эмаслигини билдирди.

Гарчи ҳозирча мазкур воқеа айбдорлари ҳақида хулоса чиқариш мушкул бўлмаса-да, бир нарсани аниқ айтиш мумкинки, бу каби ҳодисаларга армияда мавжуд салбий анъаналар, иллатлар сабаб бўлади.

Бундан 1,5 йил муқаддам, 2003 йилнинг июль ойида Самарқанддаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилаётган Фаррух Назаров ҳам армиядаги салбий иллатлар қурбони бўлган эди.

Фаррухнинг онаси, Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи Эрка Назарованинг сўзларига қараганда, ўғлини тадбиркор кимса ҳарбий қисм мутасаддиларидан сотиб олиб, ўз манфаати йўлида ишлатган. Ҳарбий хизмат давом этаётган бир пайтда ҳарбий қисмда эмас, тадбиркор хизматида бўлган Фаррух ўлдирилган.

Э.Назарова қотиллик содир этганларга нисбатан деярли жазо қўлланилмаганини айтган эди.
XS
SM
MD
LG