Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:06

Ота ўз фарзандларини бўғизлади


Тўлқин Янги йил арафасида - 2004 йил 24 декабр куни тунда Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги “Маданият” ширкат хўжалигида яшовчи 45ёшли мактаб ўқитувчиси Аҳад Икромов турмуш ўртоғи ва уч фарзандини пичоқлаб ўлдирди.

Икромовлар оиласи 6 кишидан иборат эди. Оила бошлиғи Аҳад Икромов 1959 йилда, унинг хотини Шарофат Икромова 1963 йилда, уларнинг тўнғич фарзанди Моҳидил 1986 йилда, Умида 1988 йилда, Дилноза 1994 йилда, Асадбек 2000 йилда туғилган.

Аҳад Икромов физика ўқитувчиси, яхши мутахассис бўлганлиги учун яқинда қишлоқ мактабида директор ўринбосарлигига тайинланганди. Унинг хотини Ш.Икромова ҳам ўқитувчи бўлиб, эри билан бир мактабда дарс берарди. Моҳидил ва Умида коллеж талабалари, 10 ёшли Дилноза лицейда ўқир эди.

Мазкур маҳалла қўмитаси раиси Исомиддин Ниғматовнинг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда маълум қилишича, воқеа тунги соат 4 ва 5 оралиғида содир бўлган. А.Икромов дастлаб хотинини пичоқ санчиб ўлдирган. Кейин 4 яшар ўғли, 17 ёшли Умида ва 10 ёшли Дилнозанинг бир неча жойига пичоқ санчган. Улар ўша заҳотиёқ ҳаётдан кўз юмган. Қотил ота охирида тўнғич қизининг уч жойига пичоқ санчган. Лекин у тирик қолган.

И.Ниғматовнинг сўзларига қараганда, қотил ота тонгги 6 ларда автобус бекатига бориб, автобус ҳайдовчисига, кейин эса масжиддан бомдод намозини ўқиб қайтаётган қарияларга хотини ва фарзандларини ўлдирганини айтган. Лекин улар қотилга ишонмаган. Шундан сўнг А.Икромов қонга ботган пичоғи билан сайлов олдидан ширкат хўжалиги идорасида навбатчи бўлиб тунаб қолган ички ишлар ходимига ўзини топширган.

Баъзи маҳалладошлари бу фожеага турмушдаги қийинчиликлар, йўқчилик сабаб бўлган бўлиши мумкин, деган тахминни билдирди.

Лекин маҳалла қўмитаси раиси И.Ниғматов бу фикрларга қўшилмаслигини билдирди. Унинг таъкидлашича, А.Икромов маҳалла аҳли билан иноқ бўлган. Оиласида ҳам жанжал бўлмаган. Болаларига жуда ғамхўр ва меҳрибон бўлган.

И.Ниғматов қотил ота ўз фарзандлари жасадини кўрганда уларга ачинмаганини билдирди. Унинг фикрича, қандайдир тушуниксиз руҳий ҳолат фожеага сабаб бўлган. А.Икромов қотиллик содир этаётганида нима иш қилаётганини тушунмаган, лекин кейин тушуниб етган.

А.Икромов руҳий касалликлар шифохонасида рўйхатда турмаган. Бир йил бурун йиқилиб, бош мия чайқалиши ташхиси билан шифохонада даволанган.
XS
SM
MD
LG