Линклар

Маҳбуснинг ўлиги келди

  • Садриддин Ашур

“Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимига мансубликда айбланиб, Навоий шаҳридаги 64/29 рақамли қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган Самандар Умаровнинг жасади 3 январь куни уйига олиб келинди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг сўзларига қараганда, икки фарзанднинг отаси, 1969 йилда туғилган С.Умаров “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимига аъзоликда айбланиб, 2000 йилда Жиноят кодексининг бир неча моддалари бўйича 17 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Марҳумнинг опаси Табассум Умарованинг айтишича, 2 январь куни соат 13 ларда яқинларига укаси ўлгани ва майит уйига олиб келинаётгани ҳақида хабар берилган. 3 январь куни тонгги соат 4 да жасад олиб келинган ва расмийлар уни дарҳол дафн этишни талаб қилган. Яқинлари жасадни пешинда чиқаришни айтган, лекин уларга тазйиқ ўтказилган.

Марҳумнинг яна бир опаси Яшнар Умарованинг таъкидлашича, Навоий вилояти суд тиббий экспертизаси С.Умаров инсультдан ўлгани ҳақида хулоса берган. Аммо марҳумнинг яқинлари бу хулосага ишонмаётир. Улар жасадда калтаклар ва қийноқ изларини кўрган. Марҳум ниҳоятда озиб кетган, оёқ-қўл тирноқлари йўқ, биқини қорайган, жағлари ёрилган, кўкарган.

Марҳумнинг яқинлари у ҳеч қачон қон босими ёки юрак хасталикларидан шикоят қилмаганини айтди.

Мазкур воқеадан 15 кун муқаддам қайнонаси С.Умаровни қамоқхонада кўриб келган. Қайнона бу вақтда куёви яхши ҳолатда бўлганини таъкидлади.

С.Икромовнинг фикрича ҳам марҳум қийнаб ўлдирилган.

Жазони ижро этиш бош бошқармаси штаб бошлиғи Бекзод Набираев мазкур воқеа юзасидан “Озодлик” мухбирига расмий маълумот олиш учун Ташқи ишлар вазирлиги орқали мактуб билан мурожаат этиш лозимлигини билдирди.
XS
SM
MD
LG