Линклар

Деҳқон ҳақини қачон олади?


Басира Хабарларга қараганда, Бухоро вилоятининг кўплаб фермерлари 2004 йилда етиштириб давлатга топширган пахта ҳосилининг пулини шу вақтга қадар ололмаётир.

Бухоро вилоятида 8 мингдан ортиқ фермер хўжалиги бор. Улар, асосан, пахта ва ғалла етиштириш билан шуғулланади.

Ўз исмини ошкор этишни истамаган фермернинг сўзларига қараганда, у ўтган йили 26,5 гектар майдонга ғўза экиб, давлатга 102 тонна пахта топширган. Бироқ шу вақтгача меҳнат ҳақини олгани йўқ.

“Мен топширган пахта бозор нархида 200 минг доллар бўлади. Лекин бунинг менга тегадигани 20 минг доллар. Агар барча харажатларни чиқариб ташласам, менга 3-4 минг доллар қолади. Бу бир йиллик меҳнатимга. Ҳозиргача шу пулнинг бир сўмини олганимиз йўқ”, - деди фермер.

Фермернинг фикрича, ёнилғи, техника ва бошқа харажатлар учун фермер номига очилган бир неча ҳисоб рақамларини бирлаштириш керак. Шу билан бирга, мамлакатда ер ислоҳотлари ўтказиш зарур. Ҳозир фермер мустақил иш юрита олмайди. У етиштирган маҳсулотини давлатга арзимаган пулга сотишга мажбур. Давлат етиштириладиган ҳосил пулини олдиндан транш тариқасида фермер номига очилган турли ҳисоб рақамларига ўтказиб беради. Лекин фермер бундан ўзича фойдалана олмайди.

Деҳқон ва фермер хўжаликлари уюшмаси Бухоро вилояти вакиллиги раҳбари Мақсуд Муҳаммедовнинг таъкидлашича, вилоят тажриба тариқасида кредитлаш механизмига ўтган. Яъни шартнома асосида фермерга етиштирадиган ҳосили ҳақининг 50 фоизи олдиндан 5 фоизлик имтиёзли кредит сифатида берилади. Бу маблағ турли мақсадларда фойдаланиш учун унинг ҳисоб рақамларига келиб тушади.

Фермерлар эса Бухорода қўлланилаётган бу янги усулдан норози бўлмоқда. Бунга сабаб, дейди улар, ёнилғи ва техника харажатларидан ташқари меҳнат ҳақлари ҳунузгача берилмаётганидир.

Ўтган йили Бухоро вилояти бўйича давлатга 360 минг тонна пахта хомашёси сотилган бўлса, шунинг 50 фоизини деҳқон-фермерлар етиштириб берган.
XS
SM
MD
LG