Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:56

"Қозоғистон демократик танлови" партияси устидан судлов бошланди


"Қозоғистон демократик танлови" халқ партияси устидан даъво аризаси билан судга Олмаота шаҳар прокуратураси якунига етган йилнинг сўнгги кунларида мурожаат қилган эди.

5 январь куни Олмаота шаҳар туманлараро иқтисодий суди прокуратуранинг ўша аризасини кўриш мақсадида биринчи мажлисини чақирди. Бироқ жавобгар томон, "Қозоғистон демократик танлови" партияси сиёсий кенгаши раиси Асилбек Хўжахметов бетоблиги туфайли судга келолмагани учун масалани кўриш 6 январга қолдирилди.

Прокуратуранинг партия устидан судга даъво аризаси битишига, маълум бўлишича, ҚДТнинг 2004 йил,
11 декабрида бўлиб ўтган Иккинчи қурултойида қабул қилинган сиёсий баёнот сабаб бўлган. Ҳужжатда мамлакатнинг жорий ҳокимиятига "аксилхалқ ва нолегитим", деб баҳо берилган. Прокуратура хулосасига кўра, бундай фикр билдириш Конституцияга зиддир ва шунинг учун ҳам партия фаолияти тўхталиши лозим.

ҚДТ партияси сиёсий кенгаши аъзоси Батирқан Даримбет Озодлик радиоси саволларига жавоб берар экан, бу иш нима учун иқтисодий судга оширилганини тушуна олмаётганлигини билдирди:

"Иқтисодий суд иқтисодий масалаларни кўриши керак, бизга қўйилаётган айблов юзасидан эса, маъмурий жазо қўллашлари мумкин, холос", - дейди ҚДТ вакили.

Олмаота шаҳар прокуратураси вакили Алмаз Рамазанов Озодлик радиоси саволларига жавоб беришни истамади.

” Судлов жараёнида даъво аризамизнинг мазмуни билан ҳам, унга асос бўлган далил-исботларимиз билан ҳам таниша олишингиз мумкин”, - деган гап билан чекланди прокуратура вакили.

5 январь куни суд биноси олдига ҚДТ партиясига ҳайрихоҳ фуқаролар йиғилди.

"Бу халқнинг партияси, уни судга беришлари қонунга хилоф", - деган фикрларни билдирди йиғилганлар. Уларнинг қўлларидаги қоғозлардан "Демократия хавф остида!", "Кеча Грузия, бугун Украина, эртага Қозоғистон!", деган шиорларни ўқиш мумкин эди.

Партия тарафдорларига қўллаб-қувватлаётганлари учун миннатдорчилик билдирар экан, ҚДТ партияси сиёсий кенгаши аъзоси Бахтли Туменова жумладан бундай деди:

"Ҳокимиятнинг партиямиз фаолиятини тўхтатиб қўйишга ҳаракат қилаётгани унинг Украинадаги вазиятдан таҳликага тушиб қолганидан, ўшанга ўхшаш ҳодисалар эртага Қозоғистонга ҳам етиб келади, деган хавотиридан".

Шу ўринда айта кетадиган яна бир нарса. ҚДТ партияси устидан судлов бошланиши арафасида, 4 январь куни Қозоғистондаги демократик кучлар кенгашининг навбатдаги мажлиси ўтказилди. Мажлис иштирокчилари ҚДТга нисбатан қўзғатилган суд иши мухолифатчиларга нисбатан ўтказилаётган тазйиқларнинг навбатдагиси эканлигини таъкидладилар. Бу тазйиқлар эса, мухолифатчилар фикрича, Қозоғистон президентлигига яқинлашиб келаётган сайлов билан боғлиқ.

ҚДТ партияси устидан бошланган судловга эса, партия етакчиси, жазо муддатини ўтаётган Ғалимжан Жақиянов мана бундай баҳо берди:

"Бу, шубҳасиз, сиёсий буюртма. Партия фаолиятини тўхтатиб қўйиш бугун ҳокимиятнинг қўлидан келади. Бироқ партия ортида 100 минглаб одам ва улар ишонган ғоя бор. Ғояни тақиқлаб бўлмайди. Бундай топшириқни ҳеч қандай суд уддалай олмайди".

***

Дастуримиз ҳавога узатилиши арафасида Олмаотадан олинган хабарга қараганда, Қозоғистон демократик партияси устидан суд мажлиси 6 январь куни партия вакиллари иштирокисиз ўтказилди.

Суд партия фаолиятини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди.
XS
SM
MD
LG