Линклар

“Freedom house” С.Умаров ўлими сабабларини текширишни талаб қилмоқда

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Навоий шаҳридаги қамоқхоналардан бирида қийнаб ўлдирилгани тахмин қилинаётган Самандар Умаровнинг ўлими сабабларини холис текширишни талаб қилмоқда.

С.Умаровнинг жасади 3 январь куни Тошкентдаги уйига олиб келинган, яқинларининг айтишича, расмийлар тазйиқи остида эрта тонгдаёқ дафн этилганди. Яқинлари у қийноқлар натижасида ўлганини таъкидлаганди. Бироқ расмийлар марҳум инсультдан вафот этганини айтган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг таъкидлашича, ўтган йили Ўзбекистон қамоқхоналари ва тергов изоляторларида бир қанча фожеали воқеалар содир бўлган. Расмийлар ҳар сафар айбни вафот этганларнинг ўзларига юклаган. Яъни маҳкумлар касалликдан ёки ўз жонига қасд қилиб вафот этганини айтиб келган.

Мана шу каби воқеалардан кейин “Freedom house”нинг Тошкентдаги ваколатхонаси воситачилигида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси ходимлари инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан биргаликда қамоқхоналарда мониторинг ўтказишга келишиб олган эди. Лекин орадан қарийб бир йилга яқин вақт ўтган бўлса-да, ҳуқуқ ҳимоячилари бирорта қамоқхонадаги ҳақиқий аҳволни ўргана олмади.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, ички ишлар тизими томонидан мавжуд ҳолатларни ўрганишга бирор марта кўмак берилмаган.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Васила Иноятованинг сўзларига қараганда, С.Умаровнинг ўлими ҳам қамоқхоналарда қийноқлар давом этаётганига яна бир далилдир. Жамият мазкур воқеани ўз жойида ўрганишга рухсат сўраб, Жазони ижро этиш бош бошқармасига расман мурожаат қилган.

“Freedom house” ваколатхонасининг қийноқларга қарши дастури катта менежери Роберт Фридманнинг билдиришича, “Freedom house” Ўзбекистон ҳукуматидан С.Умаров ўлими сабабларини қайта текшириб кўришни ва бунинг учун тузиладиган гуруҳ таркибида инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳам бўлишини талаб қилади.
XS
SM
MD
LG