Линклар

logo-print

Дала ҳовлилар бузиляпти, товон пулидан эса дарак йўқ

  • Садриддин Ашур

Тошкент вилоятининг Қозоғистон билан чегарадош ҳудудидаги бузиб ташланиши мўлжалланаётган дала ҳовли ва уйлар эгалари хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ўтказди.

Асосан қариялардан иборат бўлган анжуман ташкилотчиларининг сўзларига қараганда, Вазирлар Маҳкамаси жорий йилнинг 1 февралигача мазкур уй ва дала ҳовлиларни бузиб ташлаш ҳақида қарор қабул қилган.

Улар бу қарор фуқаролик, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларга, Конституцияда белгиланган меъёрларга зидлиги ҳақида гапирди.

Тошкент вилоятининг Қушқўнди ва Тўлабий қишлоқлари ҳудудидан Ўзбекистон-Қозоғистон чегараси ўтган. Бузилиши режалаштирилаётган дала ҳовли ва уйлар шу чегара чизиғига яқин масофада жойлашган. Икки давлатнинг келишувига асосан чегара чизиғига 50 метр масофада жойлашган дала ҳовлилар бузиб ташланди. Бузилган уйлар эгалари буни қисмат, деб қабул қилди. Кейинчалик чегара чизиғига 1,5 километр масофадаги барча иншоотлар бузиб ташланиши маълум бўлди.

Маълумотларга кўра, бу ҳудудда 809 та дала ҳовли бузилиши лозим. Лекин мутасадди идоралар уй эгаларига на товон пули, на моддий ёрдам ваъда қилган. Улар 1 февралгача барча кўчиб кетиши лозимлиги, акс ҳолда уйлар мажбуран бузиб ташланишини айтган. Мутасаддилар бузилган уйлар эгаларига Тошкент туманидаги “Ўзбекистон” ширкат хўжалиги ҳудудидан ер ажратиб берган, холос.

Пенсионер Альберт Захаровнинг таъкидлашича, ширкат хўжалиги раиси ажратилган ерда экилган буғдой ўриб олингандан кейингина эгаларига берилишини айтмоқда.

“Буғдой июнь ойида пишади. Қолаверса, бу ерни текислаш ва янги уй тиклашга биз пенсионерларнинг қуввати етмайди”, - деди А.Захаров.

Пенсионерлар чегаранинг Қозоғистон томонидаги уйлар бузилмаётганини маълум қилди. Уларнинг фикрича, чегаранинг бу қисмидаги хавфсизлик Ўзбекистон учун шунчалик муҳим бўлса, хавфсизликни таъминлашнинг бошқа йўллари ҳам бор. Масалан, дала ҳовлиларнинг барчасини маҳаллаларга бириктириб, халқ посбонлари тайинлаш масаланинг энг одил ва тўғри ечими бўлади.

Бузилаётган дала ҳовлилар эгалари мулклари бузилишига йўл қўйилмаслиги, бунинг иложи бўлмаган тақдирда уйлар, дарахтлар, деворлар, коммуникация хизматлари харажатлари бозор нархида баҳоланиб, товон пули тўланишини талаб қилишини билдирди.

Акс ҳолда, деди улар, биз бир умрлик меҳнатимиз сингган дала ҳовлилар бузилишига йўл қўймаймиз.
XS
SM
MD
LG