Линклар

Депутатликка номзод ҳибсга олинди


Фирдавс Китоб туманидаги 28-Пахтаобод сайлов округидан Қашқадарё вилояти халқ депутатлари кенгашига номзоди қўйилган Зиёдулла Сафаров 28 декабрда ҳибсга олинди. Маълумотларга кўра, у 9 январда бўладиган такрорий овоз беришда қатнашиши керак эди.

З.Сафаров Қашқадарё вилояти нотураржой бинолардан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

Бошқарманинг ҳозирги бошлиғи Наталья Цайнинг айтишича, З.Сафаров ўтган йилнинг 26 апрелида лавозимидан бўшатилган ва унинг устидан жиноят иши қўзғатилган. Унинг депутатликка номзод сифатида рўйхатга олиниши эса тушунарсиздир.

Н.Цай З.Сафаров юқори лавозимда ишлаган пайтда бир қанча камчиликларга йўл қўйгани ва шу сабабли ҳибсга олинганини таъкидлади.

Маълум бўлишича, З.Сафаров 26 апрелда ишдан бўшатилгандан кейин судга мурожаат қилган. Қарши туманлараро фуқаролик суди уни ишга тиклаш ҳақида қарор чиқарган. 23 августда суд қарорига асосан З.Сафаров ишга тикланган. Шу куни Қашқадарё вилояти хусусийлаштириш бошқармаси бошлиғи Исмат Нусуровнинг буйруғи билан ишдан бўшатилган. Сайлов жараёни бошланган вақтда З.Сафаров яна судга мурожаат қилган. Вилоят фуқаролик суди аппеляция ҳайъатининг ҳукми билан 14 декабрда лавозимига тикланган. 15 декабрда яна ишдан бўшатилган.

Қарши шаҳри прокурори Ҳаким Икромовнинг сўзларига қараганда, З.Сафаров давлат мулкини катта миқдорда талон-тарож қилишда айбланиб, устидан жиноят иши қўзғатилган. У терговга келмагани сабабли 12 декабрда мамлакат бўйлаб қидирув эълон қилинган.

З.Сафаровнинг сайлов жараёнидаги ишончли вакили Дилшод Ҳамроевнинг таъкидлашича, бу пайтда З.Сафаров ташвиқот ишлари билан машғул бўлган. У Шаҳрисабз телевидениеси орқали 2-3 марта чиқиш қилиб, Китоб аҳлини ўз дастури билан таништирган. 28-сайлов округидаги ҳар бир сайлов участкасида унинг суратлари, дастурларидан парчалар илиб қўйилган. Яъни З.Сафаровга нисбатан қидирув эълон қилинишига асос бўлмаган.

Маълумотларга кўра, З.Сафаров номзоди “Фидокорлар” партияси вилоят кенгаши томонидан кўрсатилган. 26 декабрь кунги сайловдан олдин Қарши шаҳри прокуратураси вилоят сайлов комиссиясига З.Сафаровнинг номзодлик масаласини кўриб чиқиш юзасидан тақдимнома киритган. Комиссия эса партиянинг вилоят кенгашига хат юборган.

Вилоят хусусийлаштириш бошқармаси бошлиғи Исмат Нусуров, Қарши шаҳри прокурори Ҳаким Икромов ва вилоят сайлов комиссияси раиси Мирзо Турсунов З.Сафаровнинг ҳибсга олиниши сайлов билан боғлиқ эмаслигини маълум қилди.

Аммо номзоднинг ишончли вакили Д.Икромов бу воқеанинг сайлов билан боғлиқлик жиҳати ҳам йўқ эмаслигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG