Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:47

Ёшлар нега китоб ўқишга қизиқмайди?


Турғунбек 28 декабрь куни Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 13-мактабда ўтказилган Янги йил оқшомида 15 нафар тенгдоши томонидан калтакланган ўқувчи оғир тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилди.

Марҳаматлик Анорхон Ҳамдамова мактабларда бу каби воқеалар тез-тез такрорланаётганининг туб сабаблари ёшларнинг китоб ўқишга қизиқиши сусайиб кетганига бориб тақалишини таъкидлади.

“Биз ўқувчилик даврида ўқиган китобларимизни ўзаро муҳокама қилар, қаҳрамонлар ҳаракатларига ўзимизча баҳо берардик. Ҳозирги ўқувчиларнинг қаҳрамонлари эса жангари фильмлардаги иши одам ўлдириш, зўравонлик бўлган персонажлардир. Улар таъсирига тушган болалар ҳамма ишни куч билан ҳал қилишни ўрганади. Буларнинг ҳаммаси китоб ўқимасликнинг оқибатидир”, - деди А.Ҳамдамова.

Шаҳрихонлик Саодат Отахонованинг сўзларига қараганда, ҳозирги ёшларнинг китоб ўқишдан кўра хорижий фильмлар томоша қилишга қизиқиши баланд. Улар қўлига пул тушса, видеосалонлар, қаҳвахона ёки дискотекага киришга сарфлайди. Бунга сабаб ёшларнинг онги мурғаклигидан бошлаб заҳарлаб борилаётганидир. Ҳозир газеталар фақат енгил-елпи материаллар тарқатади.

Булоқбоши туманидаги 20-мактаб ўқитувчиси Дилором Абдиеванинг таъкидлашича, ўқувчилар бирорта бадиий китоб ўқимайди, ҳатто номларини билмайди. Уларнинг кўпчилиги мактабда ўтиладиган дарсликларни ҳам ўқимайди. Юқори синф ўқувчиларининг 70 фоизида дарсликлар бўлмайди.

Ота-оналар мана шу мавзудаги суҳбат чоғида фарзандларига нафақат бадиий китоб, балки дарсликлар сотиб олиб беришга ҳам қурби етмаётганини билдирди. Уларнинг айтишича, иқтисодий қийинчилик замонида дарсликлар ҳам жуда қиммат.
XS
SM
MD
LG