Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:34

Маст милиционер мезбонларни аямади


Ҳакимбек 31 декабрь куни янги йил оқшомида Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Олмали қишлоғида танишининг уйига меҳмонга келган милиция ходими хонадон бекаларига қарата ўқ узди.

Хабарларга қараганда, аёллар тирик қолган ва айни пайтда шифохонада даволанмоқда. Милиция ходимининг хатти-ҳаракатлари юзасидан прокуратура тергов олиб боряпти.

Жабрланувчилардан бири, айни пайтда шифохонада даволанаётган Гулчеҳра исмли аёл билан суҳбатда бўлиб, воқеа тафсилотларини яқиндан ўрганган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах тумани бўлими раиси Маъмуржон Азимовнинг сўзларига кўра, Ғаллаорол туманидаги Маржонбулоқ олтин конига сув етказиб берувчи насос станцияларидан бирининг механиги Исомиддин ва қўриқловчи милиционер Хайрулла спиртли ичимлик истеъмол қилиб, Янги йилни бирга нишонлаш учун Исомиддиннинг уйига келган. Бу ерда меҳмондорчилик давом этган. Тунги соат 11 ларда Исомиддин Хайруллани кузатиб қўйиш учун кўчага чиққан. Орадан бироз ўтгач уй бекаси Гулчеҳра эридан хабар олиш учун орқасидан чиқади ва Исомиддиннинг Хайрулла билан ёқалашиб турганига гувоҳ бўлган. Уларни бир амаллаб ажратгач, Хайрулла тинчгина уйига кетар, деган ўйда эридан яшириниб туришни сўраган. Бироқ маст ҳолатдаги милиционер кетиш ўрнига тўполонни авж олдирган.

М.Азимовнинг таъкидлашича, Хайрулла Исомиддинни қидириш учун Гулчеҳрани ошхонага бошлаган. Бу ердан Исомиддин топилмагач, Хайрулла устидаги курткасини ечиб ташлаган ва Гулчеҳрани ошхонага киришга мажбур қилмоқчи бўлган. Гулчеҳра кўнмагач, осмонга қараб ўқ узган. Кейинги ўқ эса Гулчеҳрага қараб отилган.

М.Азимовнинг билдиришича, Гулчеҳрага иккита ўқ теккан. Биринчи ўқ буруннинг ўнг томонидан кириб, бўйиндан чиқиб кетган. Иккинчи ўқ эса биқинга теккан. Шунга қарамай, унинг аҳволи ҳозир анча яхши.

Ўша тунда Хайрулла Гулчеҳранинг онасига қараб ҳам ўқ узган. Ўқ кекса аёлнинг оёғига теккан. У ҳам айни пайтда шифохонада даволанмоқда.

Жиззах вилояти ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, бу иш юзасидан прокуратура тергов олиб бораётир.
XS
SM
MD
LG