Линклар

Ўзбекистонда қийноқлар камаймаётир


Феруза Жаҳон ҳамжамияти, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Ўзбекистон тергов изоляторлари ва қамоқхоналарида қийноқлар оммавий ва изчил қўлланилаётганини доимо эътироф этиб келади.

2002 йил охирларида БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен Ўзбекистонда бўлиб, мамлакатдаги қийноқлар ҳақида ҳисобот тайёрлаган ва қийноқларни бартараф этиш бўйича ўз тавсияларини берган эди.

Ўзбекистонда унинг тавсияларини амалга ошириш бўйича миллий режа ишлаб чиқилиб, баъзи қонунларга ўзгартиришлар киритилди. Шунингдек, “Freedom house”нинг Тошкентдаги ваколатхонаси ҳузурида Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда қийноқларга қарши курашувчи махсус ишчи гуруҳ ташкил қилинди. Гуруҳга прокуратура ва ички ишлар органлари билан қийноқлар масаласида ўзаро мулоқотлар ўтказиш, муаммони ҳал этишга ҳаракат қилиш вазифаси юкланганди.

Хўш, бу каби тадбирлар Ўзбекистонда қийноқлар муаммосини ҳал этишга қанчалик таъсир кўрсатди?

“Озодлик” мухбири “Freedom house”нинг Тошкентдаги ваколатхонаси ҳузурида ташкил этилган ишчи гуруҳ раҳбари, ИИВ тергов бошқармаси бошлиғи Алишер Шарафуддинов билан бу мавзуда суҳбатлаша олмади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубовнинг сўзларига қараганда, ишчи гуруҳ фаолияти қийноқлар масаласида умуман самара бермаган. Аксинча, сўнгги вақтларда мамлакатда қийноқлар янада кучайгани кузатилмоқда. Қийноқлар Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

“Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” ташкилоти раҳбари Тамара Чекунованинг таъкидлашича, гарчи Тео ван Бовеннинг тавсиялари қонунчиликка киритилган бўлса-да, айбланувчининг кўрсатмаси қийноқлар остида олингани суд вақтида кўриниб турса ҳам судьялар бу ҳолатга эътибор қаратаётгани йўқ. “Freedom house” ҳузуридаги ишчи гуруҳ эса ҳукумат фойдасига ишлайди. Қолаверса, бу гуруҳ аъзолари давлат органлари билан тенг ҳуқуқга эга эмас.

Т.Чекунованинг фикрича, махсус гуруҳ аъзолари қийноқлар масаласини чуқур ўрганган, бу муаммони яхши биладиган кишилар эмас. Шунинг учун улар ўзаро мулоқотларда давлат органлари олдига аниқ талаблар қўя олмайди.

Демократик ташаббуслар маркази раиси Искандар Худойбергановнинг айтишича, Ўзбекистонда қонунлар амалда ишламайди. Шу боис, қийноқлар масаласи ҳам ҳал этилмай қолаверади.
XS
SM
MD
LG