Линклар

“Қозоғистон демократик танлови” халқ партияси фаолияти тўхтатиладими?


Шайбон Аввал хабар берганимиздай 6 январ куни Алматидаги ихтисослашган шаҳар иқтисодий суди “Қозоғистон демократик танлови” халқ партияси фаолиятини тўхтатиш ҳақида қарор чиқарди. Қарор чиқариш пайтида ҳам¸ махкама давомида ҳам партия вакилларидан бирортаси бўлмаган¸ аммо шунга қарамай қарор чиқарилди ва унинг ижроси мажбурий тарзда амалга оширилиши алохида таъкидлаб ўтилди.

6 январ куни Алматидаги ихтисослашган иқтисодий суд «Қозоғистон демократик танлови» халқ партияси фаолиятини тўхтатиш ҳақида қарор чиқарди. Чиқарилган қарор икки ҳил кайфиятга сабаб бўлди. Алмати шаҳар прокуратураси учун қарор янги йилдаги энг гўзал совға каби бўлди. “Қозоғистон демократик танлови” халқ партияси вакилларини эса бу қарор буткул саросимага солиб қўйди. Аниқроғи таажжубга. Сабаби, раислик қилувчи судья Гулнор Мейржанова қарорни партия вакилларининг иштирокисиз чиқарди.

“Қозоғистон демократик танлови” халқ партияси сиёсий кенгаши аъзоси Батирқан Даримбек фикрича бу:

“Қозоғистон тарихида учрамаган воқеа бўлди. Атиги икки соат ичида бир сиёсий партиянинг тақдири ҳал қилиб юборилди. Энг ажабланарлиси¸ маҳкамада айбланувчи тарафдан ҳеч ким бўлмаган, таклиф ҳам қилинмаган. Прокурор Рамазонов билан, судья Мейржанова иккаласи индамайгина масалани ўз билганларича ҳал этдилар.”


Ана энди нима сабабдан Алмати шаҳар прокуратураси бу қарордан мамнун бўлганини ўрганиб чиқсак. Гап шундаки, маълумотларга кўра ўтган йилнинг 27 декабрида Алмати шаҳар прокуратураси ихтисослашган иқтисодий судга мурожаат қилиб, мамлакат Конституцияси ва Қозоғистон Республикаси қонунларини қўпол тарзда бузганлиги учун “Қозоғистон демократик танлови” халқ партияси фаолиятини тўхтатиб қўйишни сўраган. Прокуратура партия хусусида бундай хулосага келишини ҚДТнинг навбатдаги қурултойи пайтида партия вакиллари томонидан айтиб ўтилган айрим фикрлар, аниқроғи, мавжуд ҳукуматни халққа қарши ва нолегетимликда айбловчи кескин чиқишлар ва ҳатто халқни оммавий бўйсунмасликка чақириш тўғрисидаги таклифлар туртки бўлганини маълум қилган. Кейинчалик прокуратура томонидан келтирилган айни важлар Суд экспертиза маркази томонидан ўрганиб чиқилган ва прокуратуранинг хулосалари ўринли деб топилган. Боз устига¸ марказ вакиллари ҚДТ партияси Қозоғистон миллий хавфсизлиги учун жиддий хавф туғдирмоқда дея ўзларининг шахсий хулосаларини-да экспертиза натижаларига қўшимча маълумот сифатида киритиб қўйганлар. Ҳуқуқ-тартибот органларининг фавқулодда кўрган тезкор чоралари натижасида “хавф” бартараф этилди. Хўш¸ маҳаллий сиёсатчилар бу ҳолатни қандай баҳоламоқдалар?


Қозоғистон коммунистлар партияси биринчи котиби Серикбўлсин Абдилдиннинг айтишича:

”Судья партия етакчиларининг иштирокисиз, уларни огоҳ этмаган ҳолда ўз қарорини чиқариб юборди. Бизнинг фикримизча¸ бу соғлом қабул қилинмайдиган ҳаракат. Ҳар қалай эл ичида юрибмиз, айрим гап-сўзлардан хабаримиз бор. Ҳеч шубҳа йўқки, мамлакатдаги энг йирик мухолиф партияга қарши мазкур ҳаракатлар ортида аслида сиёсий буюртма ётипти. Энг юқоридан келаётган буюртма”.


“Оқ-жол” демократик партияси ҳамраиси Олтинбек Сарсенбаев суд қарорини мана бундай изоҳлади:

”Менимча бунинг икки сабаби мавжуд. Биринчиси — бу ўтган йили кузда ўтган адолатсиз сайловларни яширишга уриниш. Сабаби¸ айни сайловларнинг адолатсиз ўтганини бутун қозоқ халқига етказган ва сайловларни қайта ўтказиш лозимлиги ҳақидаги кайфиятларни пайдо қила бошлаган партия айнан мана шу ҚДТ партияси бўлади. Иккинчи сабаби, Украина воқеаларидан сўнг Қозоғистон раҳбари демократик кучлар бирлашувидан талвасага тушиб қолган ва бунинг олдини олишга ҳаракат қилмоқда”.


Аммо, дейди Олтинбек Сарсенбаев, ҳукумат мулозимлари чучварани хом санамоқдалар, зеро:

”Бир нарсани тушунмоқ лозим¸ ҚДТни ёпгани билан уни қўллайдиган халқ, унинг электорати бошқа мамлакатга кўчиб кетмайди. Аксинча¸ улар янада жипслашади, уларнинг сафи кенгаяди, норозилар сони ошади, бир пайтлар бетараф бўлиб юрганлар энди партияни қўллай бошлайди. Чунки одатда душман қўлига тушган шахсни ҳамма яхши кўриб, қўллаб келган”.


Аммо “Қозоғистон демократик танлови” халқ партияси вакиллари ҳам ҳукумат мулозимларининг байрам қилишига ҳали эрталигини айтмоқдалар. Партия адвокатига кўра:

“Суд чиқарган қарорга нисбатан биз эътироз билдириш ҳуқуқига эгамиз, яъни¸ бу қарор ҳали ижро кучига эга эмас, демакки биз ҳали мавжудмиз ва осон таслим бўлмаймиз”.
XS
SM
MD
LG