Линклар

“Бирлик”ка хайрихоҳларга тазйиқ ўтказилмоқда


Маълумотларга кўра, Фарғона вилоятида “Бирлик халқ ҳаракати” партиясининг давлат рўйхатидан ўтказилишига хайрихоҳлик билдириб имзо чеккан фуқароларга нисбатан тазйиқлар ўтказилмоқда.

“Бирлик” партияси раиси ўринбосари Ҳамдам Сулаймоновнинг сўзларига қараганда, партия фаоллари 20 минг 150 имзо тўплаб, рўйхатдан ўтиш учун ҳужжатларни Адлия вазирлигига топширган. Январь ойи охиригача вазирлик партияга ёзма жавоб қайтариши керак. Аммо ҳужжатлар вазирликка топширилгач, партияга хайрихоҳлик билдирган фуқароларни милиция ва миллий хавфсизлик ходимлари маҳалла фуқаролар йиғинларига чақириб, имзолардан воз кечишга мажбурламоқда. Улар фуқаролардан адлия бошқармаси номига “имзо меники эмас” деган мазмунда тушунтириш хати ёздириб олмоқда.

Ҳ.Сулаймоновнинг таъкидлашича, ҳуқуқ-тартибот органларининг партиялар ишларига бу каби аралашуви қонунга зиддир.

Фарғона вилояти адлия бошқармаси жамоат ташкилотлари билан ишлаш бўлими бошлиғи Абдуҳаким Турсунов ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари фуқароларга тазйиқ ўтказаётгани ҳақида умуман маълумотга эга эмаслигини билдирди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси жамоат тартибини сақлаш бўлими бошлиғи Рустам Абдуллаев ҳам бу фактларни тасдиқламади.

Ҳ.Сулаймонов партия фаолларига тазйиқ ўтказаётган ҳуқуқ-тартибот ходимларининг шахси маълум экани, улар устидан судга мурожаат қилинишини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG