Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:47

Қонунчилик палатаси аъзолари сайлаб бўлинди


9 январь куни Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 58 та ва маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказувчи 946 та сайлов округида такрорий овоз бериш бўлиб ўтди.

26 декабрда бўлиб ўтган парламент сайловининг биринчи босқичида Қонунчилик палатасининг 62 депутати сайланган эди.

10 январь куни Тошкентда Марказий сайлов комиссияси такрорий овоз бериш натижалари юзасидан матбуот анжумани ўтказди.

МСК раиси Бўритош Мустафоевнинг сўзларига қараганда, сайловда такрорий овоз бериш ўтказилган сайлов округларида рўйхатга олинган сайловчиларнинг 5 миллион 400 минг кишидан ортиғи, яъни қарийб 80 фоизи иштирок этган. Такрорий овоз бериш Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ равишда ўтказилган. Қонун бузилишлари ҳақида шикоят ва аризалар келиб тушмаган.

Шундай қилиб Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 120 аъзоси сайлаб бўлинди.

Сайловнинг биринчи босқичида хорижий ва маҳаллий кузатувчилар иштирок этган эди. Ўшанда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари Ўзбекистондаги сайлов демократик меъёрларга мос келмаслиги ҳақида баёнот берганди. ЕХҲТ миссияси раҳбари Любомир Копайнинг таъкидлашича, турли ҳокимият органлари сайлов қонунчилигини тадбиқ этиш жараёнида кўп фикрлилик, рақобатли ва ошкора сайловни таъминлаб беришнинг уддасидан чиқа олмаган.

МДҲ кузатувчиларининг баҳоси эса ЕХҲТ хулосасига тескари бўлди.

МДҲ миссияси раҳбари Владимир Рушайло сайлов жиддий камчиликларсиз, очиқ ва ошкора ўтганини маълум қилди.

Жойлардан олинган маълумотларга кўра, сайлов жараёнларида МСКга қонунчилик бузилгани тўғрисида жуда кўплаб ариза ва шикоятлар келиб тушган. Лекин, кузатувчиларнинг фикрича, уларнинг ҳаммаси ҳам ошкор қилинмаган.
XS
SM
MD
LG