Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:25

Харажат катта, даромад эса…


Фирдавс Маълумотларга кўра, Қашқадарё вилоятида 14 мингдан ортиқ фермер хўжалиги бор. Улар 120 га яқин ширкат хўжалиги ўрнида ташкил этилган. 2005 йилда ҳам 31 та ширкат ўрнига фермер хўжаликлари ташкил этиш режалаштирилган.

Деҳқон ва фермер хўжаликлари уюшмаси вилоят вакиллиги мутасаддиларининг сўзларига қараганда, тугатилаётган ширкатлар фойда бермаётган, аҳволи йилдан-йилга оғирлашиб бораётган хўжаликлардир. Уларда ишчиларга ўн йилдан буён маош тўламаслик ҳолатлари ҳам кузатилган.

Ғузор туманилик Ҳазратқул Холмирзаевнинг таъкидлашича, у мустақилликдан буён иш ҳақи олмаган. Ўтган йили маош ўрнига ғалла берилган.

Ҳокимият вакиллари фермерлик иш ташкил этишнинг замонавий усули экани, бундан фуқароларга катта фойда бўлиши ҳақида гапиради. Лекин фермерларнинг ўзлари бу гапларга кўп ҳам ишонмайди.

Касбилик Шуҳрат исмли фермернинг айтишича, ширкатдан кўра фермер хўжаликларининг самарали жиҳатлари бор. Етиштирилган маҳсулотдан фермер истаганча фойдаланиши мумкин. Шунга қарамай, режани ошириб бажарсагина фермер даромад қилиши мумкин. Чунки харажатлар жуда катта.

Ўзини таништиришни истамаган бошқа фермернинг айтишича, фермерлар ишчиларга иш ҳақини ўз вақтида бера олмайди. Ажратиладиган транш маблағларидан фермерлар ўз хоҳишича фойдалишга ҳақли эмас. Шунинг учун фермерларнинг оёққа туриши қийин кечмоқда. Қолаверса, давлат фермерлар етиштираётган маҳсулотларни жуда арзон нархда сотиб олади. Ёнилғи маҳсулотлари ва минерал ўғитлар эса жуда қиммат.

Фермер Шуҳратнинг билдиришича, давлат фермерга бир килограмм уруғлик ғаллани 230 сўмдан сотади. Фермердан эса ҳосилни 70 сўмдан сотиб олади. Техника хизмати кўрсатиш нархи ҳам жуда юқори. Масалан, “Кейс” комбайни билан бир гектар майдондаги ғаллани ўрдириш учун фермер машина трактор паркига 50 минг 400 сўм тўлаши керак.

Бу каби харажатлар фермерларнинг режани бажара олмаслигига сабаб бўлмоқда. Натижада эса улардан ер олиб қўйилмоқда.

Маълумотларга кўра, 2004 йилда Қашқадарёда давлатга ғалла топшириш режасини бажармаган 192 фермердан ер олиб қўйилган. 161 та фермер хўжалигидан 353 миллион сўм аванс маблағ мажбурий ундирилган. Вилоятда жами 212 фермер хўжалигидан 5 минг гектардан ортиқ ер қайтариб олинган. Баъзи фермерларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
XS
SM
MD
LG