Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:05

Қозоғистонда “ўзбек концлагерлари” бор


Феруза Хабарларга қараганда, Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари вилоятда яшайдиган фуқароларни Қозоғистонга қул сифатида сотиш билан шуғулланадиган Аҳад Пошшоев исмли кимсани ҳибсга олган ва устидан жиноят иши қўзғатган.

Бошқарманинг навбатчи бўлими ходими “Озодлик” мухбири билан суҳбатда А.Пошшоев исмли шахс қўлга олингани ва у фирибгарлик, одам ёллаш жиноятларини содир этишда айбланаётганини тасдиқлади.

Маълум бўлишича, А.Пошшоев вилоятнинг Янгиқўрғон туманидан кишиларни Қозоғистонга қул сифатида сотган.

“Тонг” нодавлат ташкилоти раҳбари Валентина Чупак Қозоғистонда бўлиб, қулликка маҳкум этилган ўзбеклар ҳаётини ўрганган, у ердаги ҳақиқий аҳволга гувоҳ бўлган.

“Биз маҳаллий аҳоли “ўзбек концлагерлари” деб атайдиган бешта жойни топдик. Мен Қозоғистондаги пахта плантацияларида қул бўлиб ишлаётган ўзбекларни ҳам, уларга куйдириб босилган тамғаларни ҳам ўз кўзим билан кўрдим. Мебель цехларида, новвойхоналарда, қурилиш иншоотларидаги ўзбек қулларини кўрдим. Ҳатто бўйин ва қўл-оёқларига кишан солинган ҳолда очиқ далаларда ухлайдиган, кунига бир марта нон еб, сув ечиб, ҳафтасига 118 соат меҳнат қиладиганларга гувоҳ бўлдим. Улар ҳақиқий қуллар эди. Улар барча ҳуқуқлардан маҳрум, ташқи дунё билан алоқаси узилган кишилар эди”, - деди В.Чупак “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

В.Чупак илк марта ўзбек қулларни учратган ҳолатни қуйидагича ҳикоя қилди:

“Биз Жанубий Қозоғистонда тадқиқотлар олиб бораётиб, бир кўчадан ўтдик ва уч қаватли ҳашаматли ҳовлига кўзимиз тушди. Ҳовли беш метрлар баландликдаги девор билан ўралган, девор устига тиканли сим тортилганди. Бу ерда ишлаётган кишилар ўзбек эканини билдик. Ҳовли дарвозасини таққиллатганимизда эшикни автомат кўтарган, Европа миллатига мансуб бақувват йигит очди. Ишлаётган ҳамюртларимизнинг шарт-шароитларини ўрганаётганимизни айтишимиз билан дарҳол бу ердан кетишимизни, акс ҳолда отиб ташлашини айтиб, дағдаға қилди. Биз шу маҳалладаги одамлардан бу бино қанақа ишноот экани, кимга тегишлилигини сўраганимизда, улар “бу ўзбек концлагери”, - деб жавоб берди. Улар бу ҳақда фалончи ўзбек аёлидан сўрашимизни маслаҳат берди”.

В.Чупак қозоғистонлик суҳбатдошлар тилга олган “фалончи аёл” ҳашаматли уйда қул бўлиб ишлаган, бироқ қочишга урингани учун ўласи қилиб калтакланган икки ўзбек йигитини уйида яшириб даволаган, сўнг ватанига қайтишига ёрдам берганини билдирди.

В.Чупакнинг сўзларига қараганда, у Қозоғистонда 500 дан ортиқ ўзбек қуллари ва бу ишга алоқадор бўлган кишилар билан суҳбатлашган. Чимкент, Мақтаорол, Манғистов, Қизил ўрдада қулликда бўлган ўзбеклар орасида Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан, ҳатто Тошкент шаҳридан келганлар ҳам бор. Қозоғистонга майда савдогарлик учун борганлар ҳам қул қилингани фактлари мавжуд.

“Қозоғистон жуда антиқа жой экан. У ердаги амалдорлар жуда эркин, очиқ-ошкора фикрлайдиган кишилар. Бироқ уларнинг ўзлари кишиларни ушлаб, қул қилиб тарқатади. Ўзбеклар миграция полициясига ёқмайдиган қилиғи учун осонгина қулга айлантирилиши мумкин. Полициячилар хоҳлаган ўзбекни тўхтатиб, ҳужжатларини олиб қўяди ва 500 танга пора талаб қилади. Агар бунга кўнилмаса, полициянинг ўзи ўзбекларни қул савдогарларига тарқатади. Ҳужжатсизларни-ку ҳеч бир сўроқсиз қул қилишади”, - деди В.Чупак.

В.Чупакнинг айтишича, қозоқ миграция полицияси раҳбари унга юртига тирик қайтишни истаса, бу масалани кўтармасликни талаб қилган. Шунинг учун у бу масалада Қозоғистоннинг расмий идораларига мурожаат қилмаган. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари эса бу ҳолатдан хафа бўлган, лекин қўлларидан ҳеч нарса келмаслигини билдирган.

В.Чупак ўзи ўтказган тадқиқотлар Халқаро миграция ташкилоти кўмагида амалга оширилганини таъкидлади. У Ўзбекистонда бу ташкилотнинг ваколатхонаси йўқлигини айтди.

“Мамлакатда ташқи миграция жуда долзарб муаммо бўлса-да, Ўзбекистонда ташкилотнинг фаолиятига рухсат этилмаётгани ажабланарли”, - деди В.Чупак.
XS
SM
MD
LG