Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:15

Марказий нашрлар шарҳи


Дилнаво

Ўтган ҳафтада марказий нашрлар асосий эътиборни 9 январь куни ўтказилган такрорий овоз бериш жараёнига қаратди. Шунингдек, 14 январь – Ватан ҳимоячилар кунига бағишланган мақолалар марказий нашрлар саҳифаларидан ўрин олди.

Матбуотда ижтимоий-иқтисодий мавзуларда ҳам бир қанча эътиборли мақолалар чоп этилди.

“Ҳуррият” газетасининг 5 январь кунги сонида Андижон вилоятининг Балиқчи туманидаги “Саховат” фермер хўжалиги бошлиғи Абдураҳим Назаровнинг “Мақтовнинг меъёри бўлса” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Унда қуйидаги сўзлар бор:

“Нега етук олим 40 центнердан ошиқ ҳосил олиб бўлмайди, деган навдан 60 центнердан ҳосил олган деҳқонга фан доктори, академик деган унвон бермаймиз? Чунки бу рақамнинг сохталигини ҳаммамиз яхши биламиз. Юқори ҳосил сирини яхшироқ ўрганадиган бўлсак, биз мақтаётган деҳқон 10 ўрнига 20 гектар ерда деҳқончилик қилиб юрган алдоқчи ёки шуҳрат илинжида эгри йўл тутаётган шахс бўлиб чиқиши мумкин. Аслида жазога тортилиши, элга мулзам қилиб кўрсатилиши керак бўлган шахсни элга ибрат қилиб кўрсатамиз. Ана шундай ҳолатлар кўпайса, оммавий ахборот воситаларининг одамлар орасидаги обрўйига путур етади. Журналистнинг жамиятдаги мавқеи пасаяди. Энг ёмони - деҳқон меҳнатини баҳолаш, уни рағбатлантиришда адолат мезони бузилади”.

“Моҳият” газетасининг 7 январь сонида Республика маънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси Абдулҳамид Пардаевнинг “Дақиқанинг қиммати” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Унда муаллиф нодавлат радиоканалларда янграётган қўшиқларнинг савияси ўта пастлигини таъкидлаб, жумладан, бундай ёзади:

“…айрим ёш хонандалар куйлаётган тароналарни қўшиқ дегани тил бормайди.

“Тегма мени, суйма мени,
Ўз ҳолимга қўй мени”,


деган нақоратни узлуксиз такрорлайдиган “хонанда” укамизнинг айни шу қўшиғида на мантиқ, на маъно бор. “Гуноҳ-савобимни менга қўйиб бер”, дея куйлар экан, бу билан нима демоқчи эканини асло тушуниб бўлмайди”.


Муаллиф нодавлат радиоларда йўл қўйилаётган асосий камчиликларнинг яна бирини бошловчиларнинг савияси билан боғлайди:

“Бошловчилар нутқидаги жаргон, шева, муайян вилоят ёки ҳудудга тегишли диалект сўзларининг кенг қўлланилиши ҳолатлари билан ҳам келишиб бўлмайди. Бу асрлар мобайнида шаклланган она тилимизнинг умуман эътироф этилган қонун-қоидаларини назар-писанд қилмасликдан бошқа нарса эмас”.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 7 январь кунги сонида маиший хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг номлари ҳақида мақола босилди. Абдулҳамид Мухторов қаламига мансуб “Сунъий номлар, ғалат атамалар” сарлавҳали мақоладан иқтибос келтирамиз:

“Бугун бир ҳақиқатдан кўз юмиб бўлмайди. Биргина пойтахтимизда жойлашган жами дўконлару турли овқатланиш муассасаларини юз фоиз деб олсак, шуларнинг қарийб 90 фоиздан ошиғи хорижий номлар билан аталар экан. Шаҳарда ўз тилимиздаги номлар билан аталадиган ташкилотлар кун сайин камайиб кетяпти. Сабаб нима? Ўзбекча номланган дўконларга харидорлар кирмайдими?”
XS
SM
MD
LG