Линклар

Жиззах шифокорлари ўз газетасига эга бўлди


Озодбек Яқинда Жиззахда вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги янгилик ва ўзгаришларни ёритиб борадиган “Жиззах шифокори” газетасининг нишона сони босмадан чиқди.

Хабарларга қараганда, Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси муассислигида чиқаётган ушбу газетанинг нишона сони 4 минг нусхада босилган. А-3 бичимидаги 8 саҳифадан иборат бўлган газетани ҳафтада бир марта чиқариш режалаштирган.

“Жиззах шифокори” газетаси бош муҳаррири Ҳусан Холбоевнинг сўзларига кўра, айни пайтда газетага обуна қилиш ишлари давом этмоқда. Газетани 5 минг нусхада чоп этиш кўзда тутилган. Газетанинг рангли суратлар билан безатилган илк сонидан соғлиқни сақлаш вазири, таниқли журналистлар, турли соҳа билимдонларининг табриклари, қизиқарли мақола ва янгиликлар ўрин олган.

Ҳ.Холбоевнинг таъкидлашича, газетани ташкил этишдан мақсад халқ ва соғлиқни сақлаш тизими ходимлари ўртасида яқин алоқа ўрнатиш, уларнинг ўзаро мулоқотини йўлга қўйишда кўприк вазифасини ўташдир. Газета шифокорларнинг ютуқларини кўрсатиш билан бирга камчиликларини ҳам ёритади.

Ҳ.Холбоевнинг айтишича, ҳозир газета таҳририятида кадрлар масаласи долзарб бўлиб турибди. Айни пайтда икки шифокор газетага маслаҳатчи сифатида ишга таклиф этилган. Газетани нафақат Жиззахда, балки Сирдарё, Самарқанд ва Навоий вилоятларида ҳам тарқатиш, вилоятнинг барча туманларида мухбирлик бўлимлари очиш мўлжалланган.
XS
SM
MD
LG