Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:22

Ободонлаштириш баъзиларга кулфат келтирди


Хабарларга қараганда, Урганч шаҳрида кенг кўламда ободонлаштириш ишлари бошлангани сабабли юзга яқин уй-жой бузиб ташланган. Бузилган хонадонларнинг аксарияти Хонқа ва Искандар Дўстов кўчаларида жойлашган коммунал уйлардир.

Уйлари бузилган фуқароларнинг сўзларига кўра, улар жуда мушкул аҳволда қолган. Чунки барча шароитларни яратиш, янги квартиралар ажратиш, товон тўлаш ҳақида уйлар бузилишдан олдин берилган ваъдалар бажарилмай қолган. Уйи бузилган кишиларга ҳеч ким ёрдам беришни истамаётир. Бу уйларда яшаганларнинг аксарияти ижтимоий ночор оилалардир.

“Биз қишнинг ўртасида кўчада қолдик. Ҳеч қандай ёрдам йўқ. Бизнинг ҳуқуқларимиз паймол бўлди. Биз ҳеч кимга керак эмасмиз”, - деди уйсиз қолганлардан бири Ирина Сейдаметова.

Урганч шаҳри ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, бузиб ташланган уйлар ўтган асрнинг 30-40-йилларида қурилган бўлиб, ярим вайрона ҳолга келиб қолган.

Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилиш баённомасида уйлари бузилган фуқароларни квартира ва вақтинчалик яшаш жойи билан таъминлаш ҳомийлар ҳисобидан амалга оширилиши лозимлиги ёзилган. Бу ишлар билан шуғулланиш учун Урганч шаҳри ҳокимлигида махсус комиссия тузилган.

Комиссия раҳбарияти уйлари бузилган фуқаролар вақтинчалик турар-жой билан таъминланганини билдирди.

55 ёшли Малика Раҳимова икки хонали уйда ўғиллари, қизлари, икки келини ва неваралари билан ижарада яшаётганини айтди. Ҳавожон Ботирова эса ўзига ётоқхонадан жой ажратилгани, лекин бу ерда шароит йўқлиги сабабли фарзандларини қариндошлариникига жўнатганини маълум қилди.

Уйлари бузилган 3-4 оила айни пайтда эски вагонларда яшамоқда. Икки фарзанднинг онаси Замира Авезова ҳам шулардан бири.

“Бизга вагонча беришди. Бу ерда шароит йўқ. Газ йўқ, чироқ йўқ. Болаларим касал бўлиб қолди. Даволашга пулни қаердан оламан? Ўзим ишламайман. Эримнинг топгани бир қоп унга етади”, - деди З.Авезова.

Маълум бўлишича, уйлари бузилган фуқароларга янги уй-жой қуриб олиш учун ер участкаси ажратилган. Улар икки йил ичида янги уй қуриб, кўчиши шарт қилиб белгиланган. Бироқ фуқаролар уй қуришга имкониятлари йўқлигини айтмоқда.

Урганч шаҳри ҳокимлигидаги махсус комиссия аъзоларининг таъкидлашича, коммунал уйларда яшаган фуқаролар шикоят қилишга ҳаққи йўқ. Чунки ўтган Меҳр-мурувват йилида уларга мурувват қилинган. Яъни бу уй эгаларининг коммунал хизматдан 1,5 миллион сўмлик қарзлари кечиб юборилган. Қонун бўйича эса коммунал тўловдан қарзи бўлганлар бошқа уй берилмасдан кўчирилиши керак.

Шаҳарда ободонлаштириш ишлари олиб борилиши муносабати билан бир қанча идора ва муассасалар бинолари ҳам бузиб ташланган. Бузиб ташланган санъат гимназияси ва 1-ўрта мактаб ўқувчилари шу сабабли сарсон-саргардон бўлмоқда.

Маҳаллий раҳбарлардан бирининг айтишича, Урганч шаҳрида кенг кўламда ободонлаштириш ишлари бошланганига сабаб давлат бюджетидан вилоятга шу мақсад учун жуда катта миқдорда маблағ ажратилганидир. Бу маблағ август ойигача ўзлаштирилиши керак. Акс ҳолда қайтариб олинади.
XS
SM
MD
LG