Линклар

logo-print

Ўзбекистонликлар Интернетдан телевизор орқали фойдаланади


Озодбек Маълумотларга кўра, 2004 йилда Буюк Британиянинг “Freedomland” компанияси Ўзбекистонга Интернетга телевизор орқали уланиш имкониятини берадиган 25 минг дона “NetBox” қурилмасини олиб келган.

2002 йилда яратилган “NetBox” қурилмаси Европанинг Германия, Франция, Испания, Буюк Британия каби илғор мамлакатларида кенг тарқалган.

Компаниянинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бош директори Муҳаммад Хорун Чоудрининг сўзларига қараганда, бугунги кунда “Freedomland” компанияси Европада Интернетга теливизор орқали уланиш хизмати кўрсатадиган етакчи провайдер ҳисобланди. “NetBox”га бўлган талаб ва эҳтиёжни ўрганган компания раҳбарияти қурилмани Марказий Осиёда биринчи бўлиб Ўзбекистон бозорига олиб киришга қарор қилган.

“Биз Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари билан ҳамкорлик ҳақида шартнома имзолаганмиз. Ўзбекистонда эса “Freedomland”нинг ваколатхонаси рўйхатдан ўтган. “NetBox” қурилмаси компания томонидан Францияда ишлаб чиқарилган. Биз “Ҳарлей” уюшмаси билан ҳамкорликда мазкур қурилмани Ўзбекистонда сотиш билан шуғулланамиз. Айни пайтда “NetBox” Ўзбекистоннинг кўпгина ҳудудларида сотилмоқда. Унинг нархи 95 АҚШ долларидир”, - деди М.Чоудри.

М.Чоудрининг таъкидлашича, “NetBox”дан мактаб ва олий ўқув юртларида дарс ўтишда, кинотеатрларда, меҳмонхоналарда Интернет орқали турли фильмлар томоша қилишда фойдаланиш мумкин. У Интернетдаги маълумотларни видеомагнитофонга ёзиб олиш, принтер орқали қоғозга кўчириш ва факс вазифасини ўтайди.

“Агар “NetBox”ни 95 долларга сотиб олиш имкони бўлмаса, ўзбекистонликлар унинг энг керакли қисмларини 35 минг сўмга харид қилиши ва кўрсатилган хизмат учун ойига атиги 6 минг сўм тўлаши мумкин. Бундан ташқари, ҳар ойда Интернетдан 60 соат давомида текин фойдаланиш имкониятини яратиб берамиз”, - деди М.Чоудри.

М.Чоудри айни кунларда Тошкентдаги меҳмонхоналарга мазкур қурилмани ўрнатиш бўйича музокаралар ўтказилаётганини маълум қилди.

Ваколатхонанинг маркетинг бўлими ходими Владислав Кимнинг айтишича, “NetBox” ускунаси видео кабели орқали телевизорга уланса кифоя, бемалол Интернетдан фойдаланиш мумкин. Шунингдек, қурилма ёрдамида дунёнинг исталган нуқтасидаги танишингиз билан унда ўрнатилган микрофон орқали жонли мулоқотда бўлиш имконияти мавжуд. Бундан ташқари, овозли маълумот ва видеотасвирларни электрон почта орқали жўнатса бўлади. “NetBox”дан фойдаланишда махсус компьютер саводхонлиги талаб этилмайди.
XS
SM
MD
LG