Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:15

Фермерлар ҳуқуқи паймол бўлмоқда


10 январь куни Фарғона вилоятининг Ёзёвон тумани марказида Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро жамиятининг водийдаги фаоллари махсус йиғилиш ўтказилди.

Унда маҳаллий ҳокимият томонидан фермерлар ҳуқуқларининг бузилаётгани масаласи муҳокама қилинди.

Жамият раиси Марат Зоҳидовнинг сўзларига қараганда, шу кунларда водийнинг ҳар уч вилоятида ҳам пахта топшириш режасини бажармаган фермерлар суд қилиниб, ерлари тортиб олинмоқда.

Жамият аъзоси, наманганлик хусусий тадбиркор Олимхон Саримсоқовнинг таъкидлашича, фермернинг ҳар бир ҳаракати амалдорнинг хоҳишига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Улар меҳнатни талаб қилишни билади, лекин ҳақ тўлашга келганда ўзини четга олади.

Жамиятнинг Бағдод тумани бўлими раҳбари Ҳасанбой Холматовнинг билдиришича, туман режани бажара олмай, санацияга тушган. Шу муносабат билан прокуратура 18 ой муддатга кредит олган бағдодлик фермерлардан қарзни 12 ой ҳам тўлмасдан қайтариб беришга мажбур қилмоқда.

Жамиятнинг Андижон вилояти бўлими раиси Қодир Эргашов вилоятда сайёр судлар ташкил этилиб, режани бажармаганлик важи билан кўплаб фермерлардан ерларни тортиб олаётгани, уларга миллионлаб сўм жарима солаётганини маълум қилди.

“Фермерлар билан мажбурий шартномалар тузилмоқда. Бу шартномаларни имзоламаган фермерларга ерни тортиб олиш билан дағдаға қилиняпти”, - деди жамиятнинг фарғоналик аъзоси Ғанихон Маматхонов.

Йиғилишда водий вилоятларидан келган фермерлар ҳам иштирок этди.

Фарғоналик фермер Маърифат Абдураҳмонованинг айтишича, ҳокимлик ернинг аҳволидан қатъий назар фермерга энг яхши ердан олинадиган ҳосил бўйича режа беради. Масалан, 32 бонитет балли ердан 16 центнер ҳосил олиш мумкин. Лекин ҳокимлик фермер зиммасига бу ердан 32 центнер олишни юклайди. Фермер эса бу режани қандай йўл билан бўлмасин, бажаришга мажбур. Акс ҳолда ери тортиб олинади.

Йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистон Президенти номига фермерлар ҳуқуқлари паймол этилаётгани ҳақида махсус мурожаатнома жўнатишга келишиб олди.
XS
SM
MD
LG