Линклар

30 соат дарс қолдирган талабанинг ҳолига войми?


Феруза Ўзбекистонлик талабаларнинг эътирофича, олий ўқув юртларида таълим олиш улар учун бир қанча жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Масалан, домлалар ва талабалар ўртасидаги муносабат аксар ҳолларда моддий омилларга бориб тақаляпти.

Талабаларнинг сўзларига қараганда, улар орасида иқтисодий етишмовчилик туфайли ўқишни ташлаб кетиш ҳолатлари учрамоқда. Олий ўқув юртлари раҳбарлари ва домлаларнинг таъмагирлиги оқибатида яхши талабалар қолиб, пора берганлар имтиҳонлардан осон ўтишига кўп дуч келиняпти.

Талабанинг билими баҳоланишида асосий мезон унинг пулдорлигию, ота-онасининг амали бўлгач, ўзига тўқ оилалар фарзандлари дарсларга қатнашмаслиги табиий ҳол. Ҳолбуки, Олий таълим вазирлигининг ўқув йилининг бир семестрида 30 соатдан ортиқ дарс қолдирган талаба талабалар сафидан чиқарилиши ҳақидаги буйруғи бор.

Вазирлик ходимининг таъкидлашича, олий таълим вазирининг 1999 йил 29 мартдаги 99-буйруғи олий ўқув юртларида тартиб-интизомни таъминлашга қаратилган. Бу буйруққа асосан талаба 30 соат дарс қолдирса тўғридан-тўғри талабалар сафидан чақирилмайди. У маълум соат дарс қолдиргандан кейин огоҳлантирилади. Бу ҳам таъсир этмаса, ота-онасига хабар қилинади. Барча ҳаракатлар натижасиз қолсагина талаба ўқишдан ҳайдалади.

Вазирлик ходимининг айтишича, бу буйруқдан домлалар талабани қўрқитиш ва пора олишда фойдаланиши қийин. Чунки буйруқни бажаришга масъулият билан ёндашилмоқда.

Талабаларнинг билдиришича, бу буйруқни амалга оширишга кўп ҳам жиддий ёндашилаётгани йўқ. Чунки талаба 30 соат дарс қолдиргандан кейин, аввало, деканатга чақиртирилади ва кўп ҳолларда пора билан қутулиб кетади.

Ўзини Эргаш Сафаров деб таништирган талаба ўқишдан ҳайдалувчилар рўйхатига тушган ва 200 соатдан ортиқ дарс қолдирган талабалар ҳам ҳали ҳамон ўқиб юрганини таъкидлади.

“Ҳайдалганлар ҳам бўлди. Лекин улар орасида ўқишини қайта тиклаганлари ҳам бор. Институтимизда дарсга умуман келмайдиган талабалар ҳам ўқиб юрибди”, - деди Э.Сафаров.
XS
SM
MD
LG