Линклар

logo-print

Ўзбекистон матбуотида дадиллик учун шароит йўқ


Феруза

Ўзбекистонда дадил чиқишлари билан танилган журналистлар борми? Мамлакатда уларнинг фаолияти учун шарт-шароит мавжудми?

“Озодлик” мухбири маҳаллий журналистларга шу каби саволлар билан мурожаат қилди.

Журналист Абдураҳмон Ташановнинг сўзларига қараганда, журналист ўз маҳоратини ёрқин намоён этиши учун, биринчи навбатда, эркин матбуот зарур. Ўзбекистонда эса бундай матбуот йўқ. Маҳаллий нашрларда баъзан Ҳабибулла Олимжонов, Турсунали Акбаров каби журналистларнинг кўзга кўринарли мақолалари чиқиб қолади. Лекин улар катта ижтимоий ёки сиёсий муаммоларни кўтариб чиқаётгани йўқ. Чунки бунинг учун матбуотда етарли шароит мавжуд эмас.

Журналист Жамшид Толиповнинг таъкидлашича, ўзбек журналистлари орасида забардастлари бор. Лекин уларнинг ёзганлари, эркин фикрлари матбуотда кўринмайди.

А.Ташановнинг фикрича, журналистнинг дадиллиги деганда, масалан, сиёсий муаммоларни кўтариб чиқишни тушуниш мумкин. Хусусан, Ўзбекистонда бўлиб ўтган парламент сайловидаги камчиликларни, мамлакатдаги улкан иқтисодий, маиший, ижтимоий муаммолари ёритиш ҳам дадилликка киради.

Кекса журналист Сабоҳат Тошпўлатованинг айтишича, қайсидир расмий амалдор билан мулоқот уюштириш эмас, халқнинг каттаю кичик ташвишларини ёритиш журналистнинг дадиллигини белгилайди. Ўзбек журналистларининг моддий ва ҳуқуқий аҳволи эса дадил чиқишларга имкон бермайди.

Мавзу юзасидан суҳбатда бўлган баъзи маҳаллий журналистлар эҳтиёт важидан “Озодлик” радиосига фикр билдирмасликни маъқул кўрди. Айримлари эса бефойда дадиллик орқасидан келадиган муаммонинг кераги йўқ, қабилида жавоб қайтарди.
XS
SM
MD
LG