Линклар

logo-print

Ҳайдовчи нимадан ўлди?


Лобар Хабарларга қараганда, жиззахлик 32 ёшли Райимжон Қўлдошев ички ишлар идорасида тергов жараёнида вафот этган. Суд тиббий экспертизаси у юрак ёрилишидан ўлгани ҳақида хулоса берган.

Хусусий такси ҳайдовчиси Р.Қўлдошев Жиззах вилоятининг “Кўтарма” маҳалласида яшар эди. Маълум бўлишича, 31 декабр куни у 3-4 мижоз билан жанжаллашиб қолган. Мижозлар Жиззах шаҳридаги 2-ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилган. 2 январь куни кундуз соат 10 ларда бўлимга сўроқ қилишга чақирилган Р.Қўлдошев орадан 4 соатлар ўтгач, тергов жараёнида вафот этган.

Мазкур воқеа бўйича мониторинг ўтказган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилояти бўлими раиси Бахтиёр Ҳамроевнинг сўзларига кўра, суд тиббий экспертизаси Р.Қўлдошев юрак ёрилишидан ўлгани ҳақида хулоса берган.

“Лекин биз бу хулосага ишонмаймиз. Чунки бизга етиб келган маълумотларга кўра, тўрт милиционер иштирокида сўроқ қилинган Райимжон кўкрагига кучли зарба берилгандан кейин юраги тўхтаб қолиши оқибатида ўлган”, - деди Б.Ҳамроев.

Ички ишлар ходимлари марҳум илгари ҳам микроинфаркт билан оғриганини айтмоқда. Бироқ Р.Қўлдошевнинг онаси Марҳамат Қўлдошева ўғли ҳеч қачон юрак касалидан шикоят қилмаганини билдирди. У баъзан буйраги ва оёғи оғришини айтган, холос.
XS
SM
MD
LG