Линклар

Ўзбекистон яна икки фарзандидан айрилди


Тўлқин 6 январь куни тунда Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси пойтахти Қозон шаҳрида кафеда ошпазлик қиладиган икки ўзбек йигити номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилди.

Хабарларга қараганда, Андижон вилоятининг Жалолқудуқ туманидаги Ойим қишлоғида 1966 йилда туғилган Тўлқин Қодиров ва шу вилоятнинг Қўрғонтепа туманидаги Хонабод қишлоғида 1984 йилда туғилган Ойбек Дадажонов Қозон шаҳридаги “Оқшом” (“Вечер”) кафесида ошпазлик қилган. Улар бу ерга 1,5 ой муқаддам ишга жойлашган.

Татаристондаги ўзбек маданий маркази раҳбари Абдуманноп Абдусатторовнинг сўзларига қараганда, тунда кафега бостириб кирган қотиллар йигитларни пичоқлаб ўлдирган. Жиноятчилар бу ерга бошқа бир ўзбек йигитини излаб келган. Улар қотиллик содир этгандан сўнг ўша йигитнинг исмини ёзиб қолдирган. Шунинг учун қотиллик сабаблари ўша йигит топилгандан сўнг ойдинлашиши мумкин.

“Бу жиноят миллатчилик асосида юз бермаган. Татаристон раҳбарияти республикадаги ўзбекларга жуда яхши муносабатдадир. Татаристонга ўтган йилнинг ёзидагина ўзбекистонлик 23 минг фуқаро ишлаб кетди. Уларнинг кўпчилиги хотин-қизлар. Бу ерда ишлайдиган мигрантлар орасида ўзбеклар энг арзон ишчи кучи ҳисобланади”, - деди А.Абдусатторов.

Бегуноҳ қурбон бўлган Ойбекнинг акаси Улуғбек Дадажонов ҳам Қозонда ишлайди. Унинг айтишича, жасадлар Ўзбекистонга жума куни олиб келинади. Айни пайтда эса тергов ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Илҳом Зокировнинг таъкидлашича, бу каби нохуш воқеалар юзасидан Ўзбекистон ва Россия ҳуқуқ-тартибот органлари яқин ҳамкорлик қилиб келади. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари билан бу масалада доимий алоқа ўрнатган.

И.Зокировнинг билдиришича, Россияга кетаётган аксарият ўзбекистонликлар норасмий ишлаётгани учун уларни назорат қилиш қийин. Шунга қарамай, мазкур вазиятни барқарорлаштириш бўйича давлатлараро шартномалар имзолашга ҳаракатлар йўқ эмас.
XS
SM
MD
LG