Линклар

logo-print

“Бирлик”ка қарши ташвиқот ўтказилмоқда


Маълумотларга кўра, Наманган вилоятида ҳам “Бирлик халқ ҳаракати” партиясининг давлат рўйхатидан ўтказилишига хайрихоҳлик билдириб, имзо чеккан фуқароларга тазйиқлар ўтказилмоқда.

“Бирлик”нинг Наманган бўлими фаоллари сўзларига қараганда, партияни рўйхатдан ўтказиш учун вилоят бўйича 2 мингга яқин имзо тўпланган. Имзоларни текшириш жараёнига Фарғона вилоятидагидан фарқли ўлароқ, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари аралашмаётир. Аммо имзоларни текшираётган адлия бошқармаси ва нотариус ходимлари “Бирлик”ка хайрихоҳ кишиларга тазйиқ ўтказмоқда. Улар бу кишилардан пўписа йўли билан тушунтириш хатлари ёздириб оляпти.

Партиянинг Уйчи тумани бўлими раҳбари Олим Юнусовнинг таъкидлашича, “Бирлик”нинг рўйхатга ўтказилишини маъқуллаб имзо чеккан кишиларга тазйиқ бўлаётгани бўйича бир неча фактлар мавжуд. Баъзилар текширувчиларга партия борасида ўз позициясини аниқ ёзиб берган. Лекин ўз имзосини қайтариб олаётганлар ҳам бор.

“Бирлик” партияси раиси ўринбосари Ҳамдам Сулаймоновнинг билдиришича, ҳокимият вакиллари жойлардаги фуқаролар йиғинлари раислари, ўқитувчилар ва посбонлар воситачилигида “Бирлик”ка қарши турли ташвиқот ишларини олиб бормоқда. Улар партияни террорчиликда, “Ҳизб ут-таҳрир” норасмий диний оқими билан алоқадорликда айблаб, аҳолини шунга ишонтирмоқчи бўляпти.
XS
SM
MD
LG