Линклар

Сиёсий маҳбуслар озод этилиши талаб қилинди

  • Садриддин Ашур

12 январ куни “Эрк” ва “Озод деҳқонлар” партиялари аъзолари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан бир гуруҳи Ўзбекистон Бош прокуратураси биносини пикет қилди.

Маълум бўлишича, пикет “Эрк” демократик партияси томонидан уюштирилган.

“Эрк” партияси бош котиби Отаназар Ориповнинг сўзларига қараганда, пикетчилар, асосан, Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган сиёсий маҳбуслар озод этилишини талаб қилмоқда.

“Биз сиёсий маҳбусларни озод этишга қаратилган кенг кўламли ҳаракат бошлаяпмиз. Биринчи навбатда озод этилиши талаб этиладиган маҳбуслар рўйхати ҳам тузилган. Шунингдек, биз Жиноят кодексидан сиёсий моддаларнинг олиб ташланишини талаб қиляпмиз”, - деди О.Орипов.

“Эрк” марказий кенгаши аъзоси Аъзам Турғуновнинг таъкидлашича, партия биринчи босқичда 10 нафар сиёсий маҳбуснинг озод этилишини сўрамоқда. Улар орасида таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудов (бу йил 60 ёшдан ошган), жамоат арбоби Аҳмаджон Одилов (80 ёшга тўлган), Самандар Қўқонов, Муҳаммад Солиҳнинг укалари Рашид ва Муҳаммад Бекжонлар бор.

О.Орипов сиёсий маҳбусларни озод қилиш талаби билан чиқишлар бундан кейин ҳам давом эттирилишини билдирди.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда сиёсий маҳбуслар борлигини ҳеч қачон тан олган эмас. Аммо, О.Ориповнинг фикрича, конституциявий тузумга тажовуз қилиш айби билан қамалганлар ҳам аслида сиёсий маҳбуслардир. “Эрк” партияси аъзоларидан айни пайтда қамоқда сақланаётганлари жуда кўп.

Пикетда иштирок этган “Озод деҳқонлар” партияси вакиллари мухолифатдаги партиялар рўйхатга олинишини талаб қилди. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов эса Жиззах вилоятида прокуратура тизими коррупция ботқоғига ботганидан шикоят этди.

Бош прокуратуранинг фуқаролар мурожаатлари ва хатлар бўлими бошлиғи Қосимов пикетчилар олдига чиқиб, уларнинг талабларини ёзиб олди.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда прокуратурага тегишли талаблар, албатта, ўрганиб чиқилишини ва жавоб қайтарилишини билдирди. Унинг айтишича, сиёсий маҳбусларни озод қилиш ва партияларни рўйхатга олиш талабларини кўриб чиқиш Бош прокуратура ваколатига кирмайди.
XS
SM
MD
LG