Линклар

Фожеага бир йил тўлди


Феруза Бундан роппа-роса бир йил муқаддам – 2004 йил 13 январда Термиз-Тошкент йўналишида парвоз қилаётган Як-40 русумли самолёт ҳалокатга учраб, ундаги 37 йўловчи ва экипаж аъзолари ҳалок бўлган эди.

Ўзбекистон расмийлари ушбу фожеа бўйича синчиклаб ўрганилиши, қурбонларнинг яқинларига моддий ёрдам кўрсатилиши ҳақида баёнот берганди.

Хўш, қурбонларнинг яқинларига қандай ёрдам кўрсатилди? Авиаҳалокат сабаблари тўғрисидаги турли тахминлар қай даражада ўрганилди? Фожеа “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компанияси фаолиятида ўзгаришлар ясадими?

“Озодлик” мухбири шу каби саволлар билан компания матбуот хизматига мурожаат қилди. Матбуот хизмати раҳбари Феруза Қурбонова саволларга жавоб қайтаришга рағбат билдирмади, лекин компания йўловчиларнинг хавфсизлиги масаласига ҳар доим жиддий ёндашишини таъкидлади.

Ф.Қурбоновадан фалокат қурбонлари учун товон пули қай тартибда ва қачон тўлангани ҳақида ҳам маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқованинг таъкидлашича, авиаҳалокат қурбонларининг яқинларига ҳукумат, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компанияси ва турли суғурта ташкилотлари томонидан ажратилган маблағлар ўша вақтдаёқ тўланган.

Мавзуни ўрганиш жараёнида қизиқ ҳолатга дуч келинди. Авиаҳалокат қурбонлари учун тўланган товоннинг миқдори, фожеадан сўнг “Ўзбекистон ҳаво йўллари”да кўрилган қўшимча хавфсизлик чоралари хусусида мутасадди ташкилотлардан бирортаси маълумот беришни истамади. Гўёки бир йил аввал 37 кишининг ҳаётига зомин бўлган бу ҳалокат ҳамманинг хотирасидан кўтарилгандек.
XS
SM
MD
LG