Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:21

Ханти Мансий автоном округидан олинган маълумотларга кўра, 12 январ куни бу ерда бир гуруҳ “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқими аъзолари ҳибсга олинган.


Шайбон Ханти Мансий автоном округидан олинган маълумотларга кўра, 12 январ куни бу ерда бир гуруҳ “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқими аъзолари ҳибсга олинган. Ҳибсга олинганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бўлгани маълум қилинмоқда. Айни пайтда Россия Олий суди яна бир Ўзбекистон фуқаросини «Ҳизб ут-таҳрир» диний оқимига аъзоликда айблаб саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм этди.

Ханти Мансий автоном округи ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати вакиласига кўра, чиндан ҳам 12 январ куни Ҳизб ут-таҳрир террористик ташкилотининг бир гуруҳ аъзоси ҳибсга олинган. Шу ерда қисқа эслатма маълумки Россия Олий судининг қарори билан «Ҳизб ут-таҳрир» диний оқими Россияда террористик ташкилот сифатида расман тан олинган. Демак, Ханти Мансий автоном округи ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати вакиласига кўра:

“Ха, мазкур оқим аъзолари ҳибсга олинган. Уларга Россия федерацияси жиноят кодексининг икки моддаси бўйича айблов эълон қилинган. Булар 205 модда, яъни диний, иркий ва миллатлараро низо кўзғаш, ҳамда 282 модда, террорчилик. Чиндан ҳам улар орасида Ўзбекистон фуқаролари бор. Бу ерда фақат бир шахс ҳақида гап кетаётгани йўқ. Аммо ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов иши олиб борилаётгани учун бошқа ҳеч қандай маълумот бера олмаймиз...”

— Биргина масалага бироз аниқлик киритиб утсангиз, яъни ҳибсга олинганларга диний, ирқий ва миллатлараро низо қўзғаш айби қўйилишининг боиси нимада?

“Ҳозир мазкур иш бўйича тергов олиб борилмоқда, шунинг учун бир нарса айтишнинг имкони йўқ...”, - дея суҳбатимизга якун ясади Ханти Мансий автоном округи ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати вакиласи.

Россиядаги “Мемориал” инсон ҳуқуқларини химоя қилиш маркази рахбари Виталий Пономорёвга кўра, Ханти-Мансийдаги воқеа аслида 2003 йили округда бошланган каттакон бир жараённинг натижасидир:

“Бизга яхши маълум 2003 йилнинг охирларида у ерда каттакон тадбир ўтказилган эди. Бу тадбир яширин кузатувлар, тинтув ва муҳожирларни сўроққа тутиш орқали Ҳизб ут-таҳрир оқими аъзоларини аниқлаш ва ҳибсга олишдан иборат эди. Менинг назаримда бу айнан ана шу тадбирнинг натижасидир”.

Энг дахшатлиси, дейди Виталий Пономорёв, ҳибсга олинганларнинг кейинги тақдири аниқлигида, яъни уларни мутлақо қутқариб олишнинг имкони йуқ:

“Россия Олий судининг қарори бор, Ҳизб ут-таҳрир террорчи ташкилот сифатида тан олингани ҳақида. Энг қизиғи бу ташкилот томонидан амалга оширилган бирорта ҳам террорчилик акциялари маълум эмас, буни тасдиқловчи ҳужжат ҳам йўқ. Демак, айнан мана шу қарор туфайли ҳибсга олинганлар учун жазо тайёр. Боиси “Ҳизб ут-таҳрир”чилар одатда бу оқимга аъзолигини яширмайдилар. Улар қандайдир оғир жиноят содир этганми йўқми, униси ҳеч ким учун қизиқ эмас”.

Ўз айтганларининг амалий исботи сифатида Виталий Пономорёв 13 январ куни Россия Олий судида эр-хотин Қосимохуновлар устидан чиқарилган ҳукмни келтириб ўтди. Қосимохунов ҳам айнан Ҳизб ут-таҳрир диний окимига аъзоликда¸ ўзгаларни бу оқимга даъват қилишда ва қурол яроқ сотиб олишга уринишда айбланиб саккиз йилга озодликдан маҳрум этилган. Аммо, дейди Виталий Пономорёв, Қосимохуновга нисбатан адолатсиз ҳукм чиқарилди:

“Судда айтилишича¸ гўёки Қосимохунов яширин ташкилот тузган. Ташкилот аъзолари сифатида эркак ва аёлларнинг исм шарифлари келтириб ўтилди. Аммо Ҳизб ут-таҳрир қоидасига кўра аёллар алоҳида, эркаклар алоҳида йиғиладилар. Демак бу соҳта айблов. Боз устига Қосимохунов бир гуруҳ шахсларни ўз ташкилотига даъват қилгани айтилди, аммо бу одамлар негадир судга таклиф қилинмадилар. Қосимохунов Узбекистонга депортация килиниши ҳақидаги пўписалар туфайли йўқ нарсаларни тан олишга мажбур бўлганини айтиб ўтди, аммо суд буни инобатга олмади”.

Виталий Пономорёвга кўра мазкур суд ва унинг якуни ўлароқ чиқарилган ҳукм бошқа судьялар учун ўзига хос кўрсатма вазифасини ўтайди. Ва демакки¸ Марказий Осиёдан келган фуқароларни ҳибсга олиш, уларни депортация қилиб юбориш ҳақидаги пўписалар орқали қилмаган ишларига иқрор қилдириб¸ қамаб юбориш ҳоллари кўпаяди. Ва бу билан Россия ҳуқуқ-тартибот органлари Беслан воқеасига йўл кўйганликлари ҳақидаги айбловлардан қутилишга уринади.
XS
SM
MD
LG