Линклар

Ҳарбийларнинг хотинларига осон эмас


Дилнаво 14 январда Ўзбекистонда Ватан ҳимоячилари куни нишонланаётгани муносабати билан “Озодлик” айрим ҳарбийларнинг хотинлари билан суҳбатда бўлди.

Беш йилдан буён ҳарбийча ҳаёт кечираётган Севара Нишонованинг сўзларига қараганда, эрининг хизмати туфайли уч жойга кўчишга тўғри келган. Аввал Чирчиқда яшаган. Кейин Жиззах вилоятининг Бахмал туманига кўчиб ўтган. Бу ерда яшаш учун қулай шароит бўлмаган. Ҳозир эса Андижондаги Жанубий Оламушук шаҳарчасида яшамоқда.

С.Нишонова 2 фарзанди билан эри йўқлигида бироз қийналаётганини айтди.

“Қийинчилик кутиб яшашда. Эрим тез-тез ўқишга, полигонларга, тоғ ҳудудларига чиқиб кетади. Баъзан бир ой, айрим ҳолларда 3 ой ҳам кетади. Шу пайтларда анча хавотир оламиз. Болаларим дадасини сўраб қолганда, сиқиламан. Шунга қарамай, яшаш шароитимиз яхши. Эрим узоқ муддатга хизмат сафарига жўнаш олдидан рўзғорни бутлаб кетади”, - деди С.Нишонова.

С.Нишонова ҳарбийча ҳаёт кечиришга рози бўлиб турмушга чиққани, бу каби яшаш тарзига кўникиб кетганини таъкидлади.

Бундан 2,5 йил муқаддам ҳарбий йигитга турмушга чиққан Розия Маҳмудова ҳам эри кўпинча хизмат юзасидан уйда бўлмаслигини билдирди.

“Сайлов кунлари, Янги йил куни ҳам эрим ишда бўлди. Янги йилни қайнона, қайнотам, қизим билан бирга кутиб олдик. Эримнинг иши шундай бўлгани учун уни тушунаман. Шунга қарамай, кўпгина аёллар каби эрим ҳар куни кечки соат 6 да уйда бўлишини, байрамларда бирга ўтиришни хоҳлайман”, - деди Р.Маҳмудова.

Р.Маҳмудованинг 1,5 яшар қизчаси бор. “Қизим отаси уйда бўлмаганда, уни излаб қолади. Эрим келса, қизчамни ўйнатгач, кўнгли тўлади”, - дейди Розия.

Р.Маҳмудованинг оиласи Чирчиқда яшайди. Эри эса Тошкентда ишлайди. Розиянинг айтишича, эри ишга қатнашда бироз қийналади. Лекин ишга яқинроқ жойдан уй ажратилиши тўғрисида ҳеч қандай гап-сўз йўқ. Қолаверса, эрининг маоши ҳам бугунги шароитда яхши яшашга камлик қилади.
XS
SM
MD
LG