Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:59

Савдогарлар кўрган кунини итга ҳам тиламайди


Лобар Мана бир неча кундирки, сирдарёликлар “Қўқон бозори” деб атайдиган Гулистондаги бозорчада савдо қиладиган тадбиркорлар тўсатдан юкларини кўтариб, турли томонга қочиб қолаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Тадбиркорлар солиқ ходимлари келганда қочишдан бошқа иложи йўқлигини, акс ҳолда маҳсулотларидан айрилишини айтмоқда.

Тадбиркорларнинг сўзларига қараганда, солиқчилар пайдо бўлиши уларни жуда қўрқитиб юборади. Натижада савдогарлар орасида қон босими ошиб кетганлар, қочаман деб оёғини синдириб олганлар бор.

Солиқ хизмати ходимлари Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 12 августда қабул қилинган 387-қарорига кўра импорт товарлар билан савдо қилувчи барча тадбиркорлар қайта рўйхатдан ўтиши кераклигини таъкидлаяпти.

Тадбиркорларнинг айтишича, уларнинг даромади оила аъзоларининг қорин тўйдиришидан ортмайди. Кўпчилигининг айланма маблағи эса 50-60 минг сўм атрофида.

“Биз бу ерга бойлик тўплаш учун чиқаётганимиз йўқ. Нонга пул топиш учун чиқяпмиз. Агар қайта рўйхатдан ўтиш учун камроқ пул тўлаш лозим бўлса, биз жон деб кўнар эдик. Бу ердаги савдогарларнинг асосий қисми молни Қозоғистоннинг “Сапар” бозоридан олиб келади. Чегарадаги бер-берлар ҳам етарли эди. Ҳам қозоқ, ҳам ўзбек чегарачиларига пул тўлаймиз. Аскарлар бизни чегарада итдек хор қилади. Бундай кунни ҳеч кимга тиламаймиз”, - деди савдогарлар.

Солиқ хизмати ходимларининг билдиришича, айни пайтда бу ерда рейд ўтказилмоқда. Рейд тугагандан кейин савдогарлардан мусодара қилинган товарлар бўйича маълумот берилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG