Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:10

Ўзбекистонни ташқи душмандан эмас, мафия ва коррупциядан ҳимоялаш керак


Феруза 14 январда Ўзбекистонда Ватан ҳимоячилари куни нишонланди. Шу муносабат билан мамлакатда бир қанча байрам тадбирлари ўтказилди.

Куни-кеча маҳаллий нашрларда Ўзбекистон Президентининг Ватан ҳимоячилари куни билан байрам табриги, ҳуқуқ-тартибот органлари, Мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан айримларини мукофотлаш тўғрисидаги фармони эълон қилинди.

Табрикда ҳозирги таҳликали замонда халқаро терроризм балоси бутун дунёга таҳдид солаётган бир пайтда Ўзбекистондаги тинчлик ва осойишталик, аҳолини ҳимоя қилиш ҳар қачонгидан муҳим аҳамият касб этаётгани, бу борада Ўзбекистон Қуролли кучлари вакилларининг хизмати беқиёс экани таъкидланади.

Миллий хавфсизлик хизмати матбуот котиби Олим Тўрақуловнинг сўзларига қараганда, Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси МХХ таркибига киритилгандан кейин чегараларни янада мустаҳамлаш борасида анча ишлар амалга оширилган. Чегара қўшинларининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш, айниқса, Амударё бўйлаб ўтган ўзбек-афғон чегарасини қўриқлаш самарадорлигини ошириш юзасидан бир қанча ишлар қилинган. Ўтган йилда давлат чегаралари орқали гиёҳвандлик моддаларини ноқонуний олиб ўтиш билан боғлиқ 76 уринишнинг олди олинган. Бунинг натижасида 300 килограммга яқин гиёҳвандлик воситаси ушлаб қолинган.

Зиёли Бахтиёр Исабековнинг таъкидлашича, ўзбекистонлик чегарачилар мамлакатни ташқи душманлардан ҳимоя қилаётгани йўқ. Улар мамлакат тадбиркорларини таламоқда. Уларга пул бериб, чегарадан исталган нарсани олиб ўтиш мумкин.

Лекин О.Тўрақулов бу каби иддаоларни рад этди. Унинг эътирофича, бу гап-сўзлар чегара қўшинлари обрўсини тўкиш учун тарқатилади. Ҳолбуки, чегарачилар фаолияти доимий назоратда бўлиб, мабодо улар ғайриқонуний ҳаракатларга йўл қўйса, тегишли жазо олади.

Мустақил кузатувчи Баҳодир Чиғатойнинг фикрича, ҳозирги шароитни Ўзбекистонни ташқи душманлардан эмас, мафия ва коррупциядан ҳимоялаш керак. Қолаверса, мамлакатнинг ҳозирги иқтисодий аҳволида ҳарбий соҳага керагидан ортиқ аҳамият қаратилмоқда. Ўзбекистон армияси, МХХ, ички ишлар ходимлари фаолияти билан боғлиқ кўпгина маълумотлар аҳолидан сир сақланяпти. Масалан, бу соҳалар учун давлат бюджетидан қанча маблағ сарфланаётгани ошкор қилинаётгани йўқ.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, ўтган йил Ўзбекистон Қуролли кучларида бир қанча нохуш воқеалар содир бўлганди. Масалан, Самарқанд-Тошкент йўналишида қатнаётган автобусга Чиноз туманидаги қисмда хизмат қилаётган ҳарбийлардан бир нечаси қуролли ҳужум уюштириши оқибатида ҳайдовчи ўлдирилганди.

Янги йил бошларида эса Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги ҳарбий қисмда хизмат қилаётган ёш аскар аввалроқ хизматга келган аскар томонидан калтакланиши оқибатида вафот этган, бу жиноятни содир этишда гумон қилинаётган катта аскар ҳам ўзини отиб қўйганди.
XS
SM
MD
LG