Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:36

Ўқитувчилар ариқ тозалаяпти


Хабарларга қараганда, бир ҳафтадирки, Хоразм вилоятидаги мактаблар ўқитувчилари Урганч шаҳридан оқиб ўтадиган “Қирғизёп” ариғини тозалаш ишларига жалб этилган.

Маълум бўлишича, ариқни тозалаш ишларига вилоятнинг барча туманларидан олиб келинган ўқитувчилар ва бошқа айрим соҳалар хизматлари қатнашяпти.

“Ариқнинг тозаланмаганига беш йил бўлибди. Сув ўтиши жуда қийинлашиб қолган. Бизнинг хўжаликдан 25 киши бу ишда иштирок этяпти”, -дейди Шовот туманининг “Дўстлик” ширкат хўжалигидаги 8-мактаб ўқитувчиси Идрис Пирметов.

Шовот туманидаги 47-мактаб директори Камол Авезовнинг сўзларига кўра, “Қирғизёп”ни тозалаш учун ҳашар эълон қилинган.

Ҳазораспдаги 24-мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Алишер Саидов мактабда дарс бўлмаган кунлари ариқ тозалашга олиб келинаётганини билдирди.

Урганч шаҳри марказидан оқиб ўтадиган “Қирғизёп” ариғи шаҳарликлар томонидан ташланган турли чиқиндилар билан тўлиб-тошган. Айниқса, ёз ойларида ариқ ичимликлардан бўшаган пластмасса идишлар билан тўлиб кетади. “Қирғизёп”да ҳайвонларнинг ўликларини ҳам кўп учратиш мумкин. Ариқнинг чуқурлиги 3-4 метр бўлиб, айни пайтда у бир метр қалинликда лойли чиқиндилар билан тўлган. Ҳашарчилар лойни белкурак ва кетмонлар ёрдамида тозалаяпти.

Хўш, нега ариқни шаҳардаги ободончилик учун масъул бўлган идоралар эмас, балки ўқитувчилар тозаламоқда?

Маълумотларга кўра, вилоят ҳокимлигида 2004 йил 25 ноябрда ўтказилган йиғилиш баённомасига мувофиқ Урганчдан оқиб ўтадиган “Қирғизёп” ва “Урганчёп” ариқларини тозалаш, уларнинг қирғоғидаги дарахтларни буташ ва оқлаш вилоят халқ таълими бошқармаси ва вилоят ўрта махсус, касб ҳунар таълими бошқармаси зиммасига юкланган. Шунинг учун бу ариқларни тозалашга ўқитувчилар жалб этилмоқда.
XS
SM
MD
LG