Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:01

Чегарада вазият ўнгланиши кутилмоқда


Фирдавс Қашқадарёликлар Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Туркманистон раҳбари Сапармурод Ниёзовнинг Бухорода 2004 йил 19 ноябрдаги учрашувидан сўнг икки давлат чегарасидан ўтиб-қайтиш янада оғирлашганидан нолимоқда.

Маълумотларга кўра, Қашқадарёдаги Нишон туманининг Туркманистон билан чегараси 75 километрни ташкил этади. 10 мингдан ортиқ аҳолига эга бўлган Таллимаржон шаҳри мана шу чегара ўртасида жойлашган. Шаҳар аҳолисининг аксарияти деҳқончилик ва савдо орқасидан тирикчилик ўтказади.

Шаҳар аҳлининг сўзларига қараганда, чегарадаги мураккаб вазият уларнинг турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Зайнаб исмли аёлнинг айтишича, унинг уйи чегарага яқин жойлашган. Агар моли чегарадан ўтиб кетса, уни қайтариб келишга қўрқади.

Унинг уйи чегарадан 50 метр берида жойлашган. Бу ердан ўтган сим тўсиқлар бўйлаб ўзбек чегарачилари назорат олиб боради. Чегаранинг нариги томонида, тўсиқлардан 30 метрча нарида эса туркман чегарачилари писиб ётганини кузатиш мумкин.

Таллимаржонликларнинг таъкидлашича, икки мамлакат Президентларининг учрашувидан кейин чегарадаги назорат янада кучайтирилган. Контрабанда йўли билан маҳсулот олиб ўтувчи ўзбекистонларнинг туркман аскарлари томонидан ўққа тутилиши, чегара бўйлаб қувиб юрилиши ҳали-ҳамон давом этмоқда. Бироқ ишсиз таллимаржонликлар жонларини ҳовучлаб бўлса-да, тирикчиликни давом эттиряпти.

Таллимаржон шаҳри ҳокими Абдураззоқ Худойбердиевнинг билдиришича, бу ерда вазият ўнгланиши кутилмоқда. Февраль ойида Талллимаржонда ўтказиладиган ҳукуматлараро комиссия учрашувида чегара ҳудудида бозор ва бензин қуйиш шахобчалари қурилиши ҳақида келишиб олинади. Шунингдек, Президентлар учрашувидан кейин ҳам бир қанча ижобий ҳолатлар кўзга ташланган. Масалан, шу вақтгача чегара ҳудудларида яшовчи ўзбекистонликлар 6 доллар тўлаб, Туркманистонда беш кунгача юриш ҳуқуқига эга бўлган эса, ҳозирги кунда улар бепул ўтиши ва 3 кун давомида қўшни давлатда юриши мумкин.
XS
SM
MD
LG