Линклар

logo-print

Қозоқ чегарачилари ўзбек фуқаросини отиб ўлдирди

  • Барно Анвар

Хабарларга қараганда, 14 январь куни Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасида ўзбек фуқаролари ва қозоқ чегарачилари ўртасида тўқнашув юз берган. Тўқнашувда ўзбекистонлик бир фуқаро ўлдирилган.

“КАЗИНФОРМ” ахборот агентлиги хабарига кўра, 14 январь куни 14.30 да Жанубий Қозоғистоннинг Сариоғоч тумани Тонкерис қишлоғидаги чегара ҳудудидан ноқонуний равишда товар олиб ўтаётган ўзбекистонлик фуқаролар Қозоғистоннинг чегара қўшинлари томонидан тутиб олинган. Ўзбекистонликлар эса уларга қаршилик кўрсатган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича, ўзбекистонлик фуқаролар тош ва калтаклар билан қозоғистонлик чегарачиларга ҳужум қилган. Оқибатда чегарачилар қурол ишлатиб, Ўзбекистон фуқароларидан бирини отиб ўлдирган, яна бирини ярадор қилган. Ярадор фуқаро Сариоғоч тумани шифохонасига ётқизилган.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати матбуот котиби Олим Тўрақулов “Озодлик” мухбири билан суҳбат чоғида чегарада тўқнашув юз бергани ва унда бир ўзбек фуқароси ўлдирилганини тасдиқлади. Аммо у қозоғистонликлар илгари сураётган тафсилот, яъни воқеа вақтида ўзбекистонликлар контрабанда билан шуғулланаётгани ҳақиқатдан йироқ эканини таъкидлади.

“Бу ҳодисада иштирок этган Тошкент туманида яшовчи 1984 йилда туғилган Ҳусан Расуловнинг сўзларига кўра, у ўша куни соат 12 ларда чегаранинг Ўзбекистон томонида, ташландиқ ҳарбий қисм ҳудудида мол боқиб юрганида ёнига қозоғистонлик икки чегарачи келган ва ундан товар-моддий бойликларнинг олиб ўтилиши ҳақида сўраган. Ҳусан бу ҳақда ҳеч нарса билмаслигини айтган. Шундан сўнг қозоғистонлик ҳарбий хизматчилар уни куч ишлатиб чегаранинг нариги томонига олиб ўтган ва калтаклаган. Ҳусаннинг калтак азобидан бақириғини икки қўшниси - 1965 йилда туғилган Собит Муҳаммедов ва 1985 йилда туғилган Комил Қодиров эшитган ҳамда ёрдамга келган. Улар қозоқ чегарачилардан Ҳусанни қўйиб юборишни сўраган. Лекин чегарачилар Ҳусан товарларни ноқонуний олиб ўтишга алоқадорлиги, шунинг учун Сариоғоч чегара отрядига олиб борилишини билдирган. Ҳусан қўшнилари уни қутқаришга келаётганини кўрган ва автомат ўқи овозини эшитган. У етказилган оғир тан жароҳати оқибатида ҳушидан кетган ва ҳозирда Тошкент тумани шифохонасига ётқизилган. С.Муҳаммедов ва К.Қодиров ўқотар қуролдан етказилган жароҳат туфайли қозоғистонлик чегарачилар томонидан Жанубий Қозоғистоннинг Сариоғоч шаҳри шифохонасига олиб борилган. У ерда С.Муҳаммедов ҳалок бўлган”, - деди О.Тўрақулов.

Маълум бўлишича, ҳозир Қозоғистон Республикаси тергов органлари томонидан ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Улар билдираётган дастлабки тахминга кўра, қозоқ чегарачиларининг ҳаракати қонуний ҳисобланмоқда.

Хабарларга кўра, мазкур ҳодиса юзасидан Ўзбекистон ва Қозоғистон чегара қўшинлари ўртасида учрашув ўтказилган. Учрашувда Ўзбекистон томонига Қозоғистон томонининг ҳодиса бўйича аризаси тақдим этилган. 15 январдан эса икки томонлама тергов ишлари бошланган.
XS
SM
MD
LG