Линклар

logo-print

“Ҳьюман райтс уотч” Ўзбекистонни танқид қилмоқда

  • Барно Анвар

Куни-кеча “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг инсон ҳуқуқлари борасидаги навбатдаги ҳисоботи эълон қилинди. Унда ёзилишича, 2004 йилда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича вазият яхшиланиши томон жиддий қадам ташланмаган.

Ҳисоботда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига зид келувчи ҳолат сифатида биринчи галда мамлакатда суд тизими мутлақо эркин эмаслиги ва судга қадар тергов маҳкамаларида қийноқлар кенг қўлланилиши қайд этилади.

Унда айтилишича, Ўзбекистон ҳукумати 2004 йил давомида халқаро жамоатчилик тазйиқи остида қийноқларга барҳам бериш ва мамлакат суд тизимини ислоҳ қилишга ваъда қилган, аммо бу ваъдалар бажарилмаган. Айниқса, ўтган йил март-апрель ойларида содир бўлган портлашлардан сўнг диний ақидапарастликда айблаб, диний эътиқоди учун фуқароларни тазйиққа ва ҳисбга олиш янада авж олган.

“Бир неча йиллардан буён ҳукумат “ислом ақидапарастлари” ёрлиғи остида тинчгина эътиқод қилиб юрган фуқароларни панжара ортига йўлламоқда. Маълумотларга кўра, 1990 йилда мустақил ислом ҳаракатларига қарши кураш кампанияси бошлангандан буён тахминан 7 минг киши қамоққа олинган. Бу тахлит репрессив ҳаракатларини оқлаш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати гўёки “террор ҳаракатлари оқимига” қарши курашаётганини айтмоқда”, - дейилади ҳисоботда.

“Ҳьюман райтс уотч” ҳисоботида билдирилишича, ўтган йили Ўзбекистонда 2004 йилнинг ноябрь ойига қадар диний эътиқод бўйича судланишга доир 241 та иш қайд этилган ва уларнинг аксариятида судланувчилардан кўрсатма олиш чоғида қийноқлар қўлланилган. Хусусан, 2004 йил март-апрель портлашларига алоқадорликда айбланиб 100 га яқин фуқаро қамалган ва суд жараёнларида халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид келувчи ҳолатлар инсон ҳуқуқлари фаоллари томонидан қайд этилган.

Ҳисобот билан танишиб чиққан Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг сўзларига қараганда, диний эътиқод бўйича судланишга доир ҳисоботда келтирилган 241 та ҳолат аслида янада кўпроқдир.

Бундан ташқари, ҳисоботда Ўзбекистон қамоқхоналарида аҳвол оғирлиги, диний эътиқоди ва сиёсий фаолияти учун қамалган маҳбусларни қийнаш давом этаётгани қайд этилган.

2004 йилда халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид келувчи яна бир ҳолат сифатида кўплаб халқаро ва маҳаллий нодавлат ташкилотларнинг фаолияти чеклангани ва айримлари ёпилгани келтирилади.

“2004 йилда Ўзбекистонда фуқаролик жамияти устидан кескин назорат ўрнатишга интилиш қайд этилди. Ўтган йили халқаро нодавлат ташкилотларини рўйхатга олиш ва ҳисоботларини қабул қилишга доир янги мураккаблаштирилган тартиб-қоидалар жорий этилди. Унга кўра, бу ташкилотлар ўз фаолияти, кун тартиби ва барча тадбирлари мазмунидан Адлия вазирлигини огоҳ этиши, унинг амалдорларини тадбирларига таклиф этиши керак”, - дейилади ҳисоботда.

“Оналар қийноқлар ва ўлим жазосига қарши” ташкилоти раҳбари Тамара Чикунова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда рўйхатдан ўтказилмаётган нодавлат ташкилотлар эркин фаолият юрита олмаётгани, рўйхатдан ўтган бундай ташкилотлар эса жуда камлигини билдирди.

Ҳисоботдан Ўзбекистонда 2004 йил 26 декабрда бўлиб ўтган парламент сайловига доир муносабат ҳам ўрин олган. Унда айтилишича, сайловга мухолифатдаги бирорта партия ва ҳаракат қатнаштирилмаган. Ташаббус гуруҳларидан олға сурилган аксарият номзодлар рад этилган. Шунингдек, сайлов мониторинги чоғида кўплаб халқаро ва мустақил кузатувчилар сайлов участкаларига қўйилмаган.

“Бирлик халқ ҳаракати” партияси бош котиби Васила Иноятованинг “Озодлик”ка айтишича, бу сайлов “сайловсиз сайлов” дея ном олган ва жаҳон жамоатчилиги томонидан ноқонуний, дея ҳисобланмоқда.

Ҳисоботда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг Ўзбекистондаги вазиятга доир хулосаси ҳам келтирилган.

“БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси Ўзбекистонда вазиятнинг мунтазам яхшиланмаётгани кузатилгани боис, бу мамлакатга нисбатан муносабатларда конфиденциал мониторинг механизмини жорий этишга қарор қилди. Октябрь ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси мустақил эксперти Ўзбекистонда бўлди”, - дейилади ҳужжатда.

Ҳисоботда таъкидланишича, БМТ экспертининг Ўзбекистонга ташрифига оид ёпиқ маърузаси комиссиянинг кейинги йиғилишида тақдим этилади.
XS
SM
MD
LG