Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:22

Маҳаллий матбуотни ўлдирганлар - “ахборот киллерлари”


Феруза

Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда ҳам “ахборот киллери” ибораси пайдо бўлди. Бу ибора расмий идоралар вакиллари томонидан баъзи хорижий ва мустақил маҳаллий журналистларга нисбатан қўлланилмоқда.

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Хуршид Дўстмуҳаммедовнинг сўзларига қараганда, бу термин асоссиз равишда бировни танқид қилиб, жамоатчилик ўртасида шарманда этадиган журналистларга нисбатан ишлатилади. Бировнинг шаъни булғаниши ҳам унинг маънавий ўлимидек гап. Бу термин яхши ўйлаб топилган.

Суҳбатдошлардан бири маҳаллий матбуотда бу ибора қўлланилишига мойил бўлган бирорта нашр ва журналист учрамаслигини таъкидлади.

“Ахборот киллерлари” кимларнидир маънавий ўлимга ёки ҳалокатга судровчи, асоссиз равишда бўҳтон ахборот тарқатувчилар бўлса, айни кунларда Тошкент аҳолисини даҳшатга солаётган маняклар, чегаралардаги отишмалар, ўтган йили содир бўлган портлашлар ҳақида мустақил маълумотлар бермаётган матбуот ёки журналистларни ким ёки нима деб аташ мумкин?

Мустақил журналист Алимардон Аннаевнинг фикрича, Ўзбекистон ҳукумати аҳоли ўртасида ахборот бўшлиғини яратиш сиёсатини юритмоқда. Шунинг учун бу сиёсатни “ахборот киллер”лигининг бир кўриниши, деб аташ мумкин. Ўзбекистонда иқтисодий таназзул, ижтимоий-сиёсий вазият кундан-кунга оғирлашаётгани сабабли айрим “ахборот киллерлари” аҳоли юрагига ваҳима ва қўрқув солишни ўзининг асосий вазифаси қилиб олган. Қўрқув ва ваҳима исканжасида қолган халқ эса ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қила олмайди.

Маҳаллий журналист Фозилжон Шамсиддиновнинг таъкидлашича, муҳим воқеалар, масалан, аҳоли ўртасида катта шов-шувга сабаб бўлаётган маняклар тўғрисида матбуотда айтилмаётганига сабаб кўп. Хусусан, бош муҳаррирлар бу мавзуларда рухсатсиз мақола ёки лавҳа берилишидан қўрқади. Ҳатто цензура бор вақтда вазият ҳозиргидан яхши эди. Бунинг натижасида кўпгина маълумотлар аҳолига миш-мишлар орқали етиб бормоқда.

“Ўзбекистонда халқнинг маҳаллий ОАВга ишончи қолмади. Ахир, шунинг ўзи маънавий ўлим эмасми? Маҳаллий матбуотни шу куйга солганларнинг ўзлари “ахборот киллерлари” эмасми?” - деди Ф.Шамсиддинов.
XS
SM
MD
LG