Линклар

logo-print

Марказий нашрлар шарҳи


Дилнаво Ўтган ҳафтада марказий нашрлар 14 январь - Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган мақолаларга кенг ўрин берди. Деярли барча газеталарда Ўзбекистон Президентининг байрам табриги чоп этилди.

Президент табрикда бугунги кунда Ўзбекистон Қуролли кучларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кейинги босқичларида қилиниши лозим бўлган ишларга ҳам тўхталиб ўтган:

“Оддий аскарлар, сержант ва офицерларнинг яшаш ва хизмат шароитларини ижтимоий-маиший нуқтаи назардан тубдан қайта кўриб чиқиш ва яхшилаш, уларнинг машаққатли ҳарбий меҳнатига тўланадиган иш ҳақи миқдорини ошириш учун қўшимча манбаларни қидириб топиш даркор. Эски номақбул казарма муҳитига батамом барҳам бериш, муддатли ва контракт хизмати, офицерлик ҳамда қўмондонлик таркиби хизматларининг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда ҳарбий хизматчиларнинг яшаш ва дам олишлари учун муносиб шароитларни таъминлайдиган янги лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва ҳаётга тадбиқ этиш вақти келди”.

“Халқ сўзи” газетасининг 11 январь сонида Бекқул Эгамқуловнинг “Газ нега паст?” сарлавҳали мақоласи босилди. Муаллифнинг ёзишича:

“5-6 ойлаб уйига газ келмаган истеъмолчи, агар газ ўлчагич ўрнатмаган бўлса, ўзининг газ қувурини узиб қўйишни талаб қилиб газ идорасига мурожат қилиши мумкин. Шартномаларда шундай дейилган. Лекин туман газ идоралари бу ишни ҳам амалга ошира олмайди. Чунки бутун-бутун қишлоқларга, минглаб хонадонларга газ етиб бормаяпти. Уларнинг ҳар бирида газ қувурини узиш учун маълум миқдорда пул зарур бўлади. Бунча пул эса газчиларда йўқ”.


“Фидокор” газетасининг 11 январь кунги сонида “Туркистон-пресс” ахборот агентлиги мухбири Ғаффор Насриевнинг “Савиясиз қўшиқлар қандай пайдо бўляпти?” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Унда муаллиф “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасида бўлиб ўтган давра суҳбатида муҳокама қилинган мавзуга тўхталиб, жумладан, бундай ёзади:

“Айнан мазмуни саёз қўшиқларнинг эфирга берилишига йўл қўймаслик мақсадида эса одатда уларга лицензия берилмайди. Лекин қўшиқларни лицензиялаш тўғрисидаги қарорга нисбатан бепарво муносабатда бўлиш оқибатида нодавлат телерадиотўлқинларда савиясиз қўшиқларнинг берилиши давом этмоқда. Муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги қонунга бўлган нописандлик эса қўшиқчиларимизни мусиқа ўғрисига айлантирмоқда”.

“Адвокат-пресс” газетасида Россиянинг “Московский комсомолец” газетасидан таржима қилинган “Москва яқинидаги концлагерь” мақоласи босилди. Иш ахтариб Россияга борган 24 нафар ўзбекистонликнинг аянчли ҳаёти ҳикоя қилинган ушбу мақоладан иқтибос келтирамиз:

“Иш вақти эрталаб 7.00 дан. Тамадди қилишга фақат 17.30 дан сўнг рухсат берилади. Шундан кейин 23.30 гача конвейерда ишлаш керак. Дам олиш ёки байрам кунлари йўқ. Ҳар қандай қурилиш прораби сизга ўзбеклардан кўра тиришқоқ, покиза меҳнат қиладиган ишчини топиб бўлмаслигини айтиши мумкин. Ишнинг оғирлиги, очлик азоби, зўрлик-хўрлик уларни батамом ҳолдан тойдирди. Бериладиган иш ҳақига ишонч кун сайин сўниб борарди. Чунки белгиланган жазо чоралари тобора ошиб кетганди. Икки дақиқа дам олган кишига 200 рубль, сигарет чекканга 100 рубль жарима ёзиб қўйилади. Сал секинроқ ишлаганларга ундан ҳам қаттиқроқ чора кўрилади”.
XS
SM
MD
LG