Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:38

“Freedom house” ҳукумат хулосасини тасдиқлаб берди


17 январь куни Тошкентда Самандар Умаров ўлими сабабларини ўрганиш бўйича Ўзбекистон Бош прокуратураси ва “Freedom house” ташкилоти бошчилигида ўтказилган текширув якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, 35 ёшли С.Умаров 2 январь куни Навоий вилоятидаги қамоқхонада вафот этган эди. Расмийлар у мияга қон қуйилиши оқибатида ўлгани тўғрисида хулоса берганди. Аммо марҳумнинг яқинлари жасадда қийноқ излари бўлгани, шунинг учун унинг ўлими юзасидан мустақил текширув ўтказилишини талаб қилганди. Шундан сўнг Бош прокуратура ва “Freedom house” бошчилигида мустақил экспертлар гуруҳи иш бошлаганди.

Мустақил экспертлар гуруҳи таркибига Бош прокуратуранинг суд ҳукмини ижро этиш ва ҳибсга олинганларни тутиб туришни назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Эркин Йўлдошев, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош суд тиббий эксперти Зайниддин Ғиёсов, “Freedom house”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Мьюше Север, АҚШлик мустақил суд тиббий эксперти Суарез Рональдо, словениялик мустақил эксперт, жиноий ҳуқуқ соҳаси мутахассиси Кос Драго, ўзбекистонлик мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари – шифокор Воҳид Каримов, Абдусалом Эргашев ва бошқалар киритилганди.

Матбуот анжуманида маълум қилинишича, мустақил экспертлар гуруҳи С.Умаровга тиббий ёрдам кўрсатган шифокорлар, у билан сўнгги вақтгача бирга бўлган маҳбуслар билан суҳбатлашган. Ўтказилган текширувлар натижасида С.Умаров мияга қон қуйилиши оқибатида вафот этган, деган хулосага келинган. Унга нисбатан қийноқ қўлланилгани ҳақидаги тахмин исботини топмаган.

Анжуманда қатнашган хорижлик экспертлар ҳам С.Умаров ўлими табиий равишда содир бўлгани таъкидлади. Уларнинг билдиришича, жасадни эксгумация қилиш ҳеч қандай қўшимча маълумот бермайди, деган хулосага келинган.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда “Freedom house” ва Бош прокуратура бошчилигидаги экспертлар гуруҳи ўтказган текширув натижаларини ҳақиқатдан йироқ, деб баҳолади.

“Марҳумнинг яқинлари, жасадни кўрганлар унда қийноқ изларини кўрган. Бу суратларда ҳам ўз аксини топган. Қолаверса, қабрни очиб, жасад ўрганилмаган. Бу қанақа экспертиза бўлиши мумкин? Бу ҳолатни ўрганган экспертлар гуруҳига мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларидан ҳеч ким бўлмаган”, - деди С.Икромов.
XS
SM
MD
LG