Линклар

logo-print

Айбланувчи судда танасидаги калтакланиш изларини кўрсатди


17 январь куни Марғилон шаҳри жиноят ишлари судида иши кўрилаётган Ойша Аҳмедованинг яқинлари судланувчи калтакланганидан қаттиқ ғазабга келиб, норозилик намойиши ўтказди.

Хабарларга қараганда, марғилонлик 52 ёшли О.Аҳмедова “Ҳизб ут-таҳрир” ноқонуний диний оқимига мансуб кишиларга уйидан жой берганлик ва шу оқимга алоқадорликда айбланиб, ўтган йилнинг сентябрь ойида ҳибсга олинган. Шундан сўнг унга нисбатан Жиноят кодексининг 159-моддаси 2-банди (конституциявий тузумни куч билан ағдариб ташлашга уриниш) ва бошқа моддалар бўйича жиноят иши қўзғатилган.

О.Аҳмедованинг жамоатчи ҳимоячиси Мўътабар Тожибоеванинг сўзларига кўра, 17 январь куни суд мажлиси вақтида О.Аҳмедованинг яқинлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари судланувчи авзойи баданида калтакланиш изларини кўрган. Шундан кейин улар Фарғонадаги қамоқхона ёнида норозилик намойиши ўтказа бошлаган. Улар қамоқхоналарда ётган мусулмонларнинг озод этилишини, ҳукумат ва Президент истеъфосини, О.Аҳмедованинг қамоқдан бўшатилиши талаб қилган.

О.Аҳмедованинг яқинлари “Озодлик” мухбирига айтишича, ҳибсхонада у жиноятчи аёл билан бир хонада сақланган. Бу аёл О.Аҳмедовани шафқатсиз равишда калтаклаган. Суд мажлисида О.Аҳмедова ўзига етказилган жароҳатларни кўрсатган. Яқинлари унинг бунчалик зулмга учрагани, қийноқларга солинаётганига чидай олмай, норозилик намойишига чиққан.

Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари О.Аҳмедованинг бу аҳволга тушишини изоҳлар экан, у қамоқда бир аёл билан жанжаллашгани, айни пайтда бу масала ҳал этилганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG