Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:15

БМТ Минг йиллик тараққиёт дастурига оид амалий режани эълон қилди


Бундан беш йил олдин Жанубий Африка Республикасида БМТ ташаббуси билан Янги минг йиллик саммити бўлиб ўтган эди. Унда 21 аср тараққиёт мақсадлари белгиланган ҳужжат ишлаб чиқилган ва дунё раҳбарлари уни қабул қилган эди. Лекин орадан бир неча йил ўтганига қарамай, бу соҳада кам ишлар қилинди.

Шу боис БМТнинг бир гуруҳ мутахассислари дунёда камбағалликни камайтиришга қаратилган амалий дастурни ишлаб чиқди. Дастур душанба куни эълон қилинди. Унда дунё бўйича очарчилик, камбағаллик ва касалликларни камайтиришга қаратилган конкрет чоралар қайд этилган.

БМТ Бош котиби Кофи Аннан эълон қилинган режа ҳақда бундай деди:

“Бу мақсадлар хомҳаёл эмас. Уларни амалга оширса бўлади. Дунё мамлакатлари, жумладан энг камбағал ва энг кам ривожланган давлатларда ҳам бу йўлда илгари силжишлар бор”.

БМТ дастурида камбағал давлатларга кўрсатилаётган ёрдам ҳажми жиддий кўпайтирилиши назарда тутилган.

Янги минг йиллик саммитида бой давлатлар ялпи миллий даромадидан 0.7 фоизини камбағал давлатларга ёрдам сифатида беришни ваъда қилган. Аммо жуда кам давлат ваъдаси устидан чиққан. Масалан, АҚШ, Япония ва Германия ҳукуматлари мамлакат ялпи даромадидан 0.7 фоиздан анча кам миқдорда хорижий давлатларга ёрдам ажратмоқда. БМТ ҳисоботига кўра, агар 22та бой давлат ўз ваъдасини бажарса, дунё бўйича ярим миллиарддан ортиқ одам камбағалликдан қутулиши ва ўн йил давомида ўнлаб миллион одамнинг касалликлардан бевақт ўлишининг олдини олиши мумкин.

АҚШнинг Колумбия университети профессори, таниқли иқтисодчи олим Жеффри Сакс БМТ дастури муаллифларидан бири. Озодлик радиоси мухбири билан сухбатда:

“Бизнинг авлод 2025 йилга қадар, инсоният тарихида биринчи марта дунё бўйича қашшоқлик қисман эмас балки, тўлиқ барҳам топганининг гувоҳи бўлиши мумкин. Минг йиллик тараққиёт дастури мақсадларимиз яримини рўёбга чиқариши мумкин. Дастурни амалга ошириш орқали биз ҳар йили миллионлаб одам ҳаётини сақлаб қолишимиз, юзлаб миллион одамни очарчилик ва турли касалликдан сақлаб қолиб, сайёрамизни ҳамма учун хавфсиз ва гуллаб яшнаган маконга айлантириш имкониятига эга бўлишимиз мумкин”, - деди америкалик олим.

БМТ эълон қилган ҳисоботда бой давлатлар ўз чегараларини ривожланаётган давлатларда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорти учун очиши ҳам кўзда тутилган.

БМТ маълумотига кўра, ҳозирда дунё бўйича тахминан бир миллиард одам бир кунда бир АҚШ доллари ёки ундан ҳам кам миқдорда даромад топади. Бир миллиарддан кўп одам очарчиликдан азият чекмоқда. БМТ ҳисоботига кўра, ривожланган давлатларда одамларнинг ўртача умр давомийлиги 80 ёшни ташкил этаётган бир пайтда, камбағал давлатларда бу кўрсаткич 40 ёшни ташкил этмоқда.

БМТ Бош Котиби Кофи Аннанга кўра, душанба куни БМТ томонидан эълон қилинган дастур жорий йил сентябрда ўтказиладиган саммитда дунё раҳбарларига ўз тавсияларини ишлаб чиқишда ёрдам беради. Саммит давомида БМТда ислоҳотлар ўтказиш режаси ҳам муҳокама этилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG